Низом

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармони талабларига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари шакллантирилиши ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаб беради.

2. Жамғарма белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган, Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказларида (кейинги ўринларда АБКМ) деб аталади) иш изловчи сифатида (кейинги ўринларда банд бўлмаган шахслар деб аталади) рўйхатдан ўтган, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўналтирилган фуқаролар иштирокини молиялаштириш учун ташкил этилган.

3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, ғазначилик ҳисоб рақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга, тамға ва бланкаларга эга.

4. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очиладиган ғазначилик ҳисоб рақамида жамланади.

5. Қуйидагилар Жамғарма фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари ҳисобланади:

шаҳар ва туман ҳокимликлари, АБКМ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа иш берувчи ташкилотлар билан биргаликда республиканинг барча ҳудудларида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини кенг жалб этган ҳолда жамоат ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туман ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, АБКМлар билан биргаликда жамоат ишлари дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;

жамоат ишларига жалб этилган, Ўзбекистон Республикаси резидентлари — жисмоний шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларини молиялаштириш, банд бўлмаган аҳолини жамоат ишларидаги иштирокининг ҳисобини ва мониторингини юритиш;

жамоат ишларини ташкил этишга ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш, жамоат ишларининг бандлик ва ишсизлар бозори динамикасига таъсири таҳлилини амалга ошириш;

иш берувчи буюртмачилар ва жамоат ишлари иштирокчилари реестрини ўз ичига олган жамоат ишларининг электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби

6. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

жамоат ишларини ташкил этиш ва бажариш бўйича харажатларни молиялаштириш учун Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг, ҳомийлик жамғармаларининг ва бошқа хорижий донорларнинг ихтиёрий ёрдамлари;

асосий воситалар, мини-ускуналар ва инвентарлар ижарасидан даромадлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан даромадлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари.

7. Жамоат ишларини молиялаштиришга йўналтириладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан бюджет ажратмаларининг ҳажми ҳар йили аниқлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий параметрларида тасдиқланади.

8. Халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг, хайрия жамғармаларининг, жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ихтиёрий эҳсонлари қонунчиликда белгиланган тартибда Жамғарманинг ғазначиликдаги ҳисоб рақамига келиб тушади, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар ёки хорижий грантлар бериш шартларида бошқача тартиб назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби

9. Жамғарма маблағларидан қуйидагиларни молиялаштиришда фойдаланилади:

жамоат ишларига жалб этилган ишсизлар ва банд бўлмаган шахсларнинг меҳнат ҳақига тўловлар;

жамоат ишларида, жумладан уларни ижара асосида бериш йўли билан фойдаланиш учун мўлжалланган асосий воситалар, мини-ускуналар ва инвентарларни харид қилиш;

жамоат ишларини бажариш учун хавфсизлик техникаси маблағлари ва махсус кийим харид қилиш;

Жамғармани сақлаб туришга, жумладан, ходимлар меҳнат ҳақи, бино ва иншоотларни, алоқа ва ахборот компьютер технологиялари воситаларини сақлаб туриш, хўжалик ва бошқа харажатлар тўлови;

жамоат ишларини амалга оширишни ташкил этиш масалалари бўйича ахборот материалларини, кўргазмали ахборотларни тайёрлаш, маълумотларни оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш.

Жамғарма ходимларига меҳнат ҳақи тўлаш шартларига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

10. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида рўйхатга олинган, ҳудудлар бўйича ойма-ой таснифланган харажатлар сметалари асосида амалга оширилади.

11. Жамғарманинг жорий йилда ишлатилмаган маблағлар қолдиқлари кейинги молия йилига ўтказилади ва кейинги йилга маблағлар ажратилаётганда инобатга олинади.

4-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва маблағларини бошқариш

12. Жамоат ишлари Жамғармасининг Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда Жамғарма Кенгаши деб аталади) Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Жамғарма Кенгаши:

ҳар йили Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини, Жамғарма даромадлари ва харажатлари баланси прогноз кўрсаткичларини, шунингдек жамоат ишларининг республика дастури кўрсаткичларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

жамоат ишларига ажратиладиган маблағлар ҳажмларининг фоизли нисбатини тасдиқлайди;

Жамғарма маблағлари даромадлари ва харажатлари сметасини, зарур ҳолларда, тасдиқланган сметаларга киритиладиган тегишли ўзгартиришларни тасдиқлайди, Жамғарма даромадларининг шаклланишини ва маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш бўйича унинг фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма фаолияти ҳақида ҳисоботларни даврий равишда эшитиб боради ва тасдиқлайди, жамоат ишларини ташкил этиш ва жамоат ишлари дастурларининг бажарилиши юзасидан вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ҳисоботларини эшитиб боради;

Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш, жамоат ишларини ташкил этиш ва молиялаштириш механизмларини яхшилаш, жамоат ишларини амалга ошириш ва уларни молиялаштириш юзасидан мониторинг ва назоратнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тегишли қарорлари асосида алоҳида ҳолатларда ва давлат аҳамиятига молик бошқа ҳолатларда, жамоат ишларининг тасдиқланган дастурига киритилмаган ва иш берувчилардан буюртмага эга бўлмаган жамоат ишларини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилади;

Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

Жамғарма Кенгаши қарори очиқ овоз бериш орқали, оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

13. Жамғарма маблағларини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) томонидан амалга оширилади.

14. Дирекция:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар билан биргаликда жамоат ишларининг республика дастурини ҳудудлар бўйича шакллантиради, унинг бажарилиши таҳлили ва мониторингини амалга оширади;

Жамғарма Кенгашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этиш учун Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнозини, унинг бажарилиши тўғрисида чораклар бўйича ва ойма-ой тақсимланган йиллик ҳисоботни тайёрлайди, Жамғарма Кенгашига ва вазирлик раҳбариятига Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг ойма-ой ёйилмасини тасдиқлаш учун киритади;

шаҳар ва туман АБКМлари билан биргаликда иш берувчилар, шаҳар ва туман ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жамоат ишларини ташкил этиш учун ариза қабул қилишни амалга оширади;

мазкур Низомда белгиланган тартибда жамоат ишларини молиялаштиришни таъминлайди;

Давлат меҳнат инспекцияси билан биргаликда жамоат ишларида иштирок этаётган ишчиларнинг меҳнат қонунчилигида белгиланган кафолатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

жамоат ишларини ташкил этиш масалалари бўйича даъво ишлари олиб борилишини амалга оширади;

жамоат ишларини ташкил этиш масалалари бўйича аҳолини ва иш берувчиларни ахборот билан таъминлаш бўйича тадбирларни амалга оширади;

фуқароларнинг жамоат ишларидаги иштироки ҳисобини юритиш бўйича ахборот- компьютер тизимларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

жамоат ишларини амалга ошириш учун иш берувчи-буюртмачилар аризалари шакли ва мазмунига қўйиладиган талабларни белгилайди.

Дирекция Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларига, шунингдек Жамғарма Кенгаши қарорлари ва қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15. Дирекция ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

солиқ идораларидан жамоат ишларини бажарган фуқаролар учун иш берувчилар томонидан ойлик иш ҳақи ҳисобланиши тўғрисида маълумотларни сўраш ва олиш;

жамоат ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш, унинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича услубий ҳужжатлар ишлаб чиқиш.

16. Дирекцияни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Жамғарма Васийлик кенгаши раиси билан келишган ҳолда тайинланадиган ва озод этиладиган ижрочи директор бошқаради.

17. Ижрочи директор:

Жамғарма фаолияти юзасидан умумий раҳбарликни амалга оширади;

Жамғармага ходимларни қабул қилади ва меҳнат шартномаларини тугатади, уларнинг лавозим мажбуриятларини ва ваколатларини тақсимлайди;

ваколатлари доирасида юридик шахслар билан шартномалар тузади;

Жамғарма пул маблағлари ва моддий бойликларининг бухгалтерия ҳисоби юритилишини, молиявий ва статистик ҳисоботларнинг белгиланган тартибда тайёрланиши ва тақдим этилишини ташкил этади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ва ваколатларни амалга оширади.

18. Дирекция Жамғарма Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот беради.

19. Жамғарма Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Дирекциянинг штат жадвалига кирадиган вакилларга эга.

5-боб. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнозини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш

20. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнозини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг кейинги йил учун лойиҳаси, шунингдек республика ҳудудларини комплекс ривожлантириш дастури билан биргаликда амалга оширилади.

21. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ҳар йили 1 июнга қадар ишларнинг турлари ва ҳажмини, шунингдек, асосий воситалар, мини-ускуналар ва инвентарлар харид қилиш бўйича харажатларни кўрсатган ҳолда жамоат ишларининг ҳудудий лойиҳаларини шакллантиради ва келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари иш берувчиларнинг қўшимча аризалари асосида ҳудудий жамоат ишлари дастурларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

22. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан тўланадиган кейинги йилда амалга ошириладиган жамоат ишларига аризаларни, шунингдек Мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган манбалардан Жамғармага маблағлар тушуми прогнозини шакллантиради ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг кейинги йилдаги лойиҳасига киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборади.

23. Дирекция ҳар йили 1 декабрга қадар:

жамоат ишларининг якуний кўрсаткичларини Жамғармага келгуси йил тушадиган маблағлар доирасида келишади;

ҳудудий дастурларга киритилган ҳар бир тадбир бўйича молиялаштириш ҳажмларини аниқлаштирган ҳолда жамоат ишларининг ҳудудий дастурлари лойиҳасини Жамғарма Кенгашига кўриб чиқиш учун киритади. Заруратга кўра, бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг қийматига Жамғарма Кенгаши қарорига кўра аниқлик киритилиши мумкин.

24. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети кўрсаткичлари тасдиқлангандан сўнг, жамоат ишларининг ҳудудий дастурларини Жамғарма Кенгаши тасдиқлагандан кейин, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари қарорлари билан тасдиқланади.

25. Дирекция кейинги йилга белгиланган молиялаштириш ҳажмларини 5 кун мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига етказади.

6-боб. Жамғарма маблағларидан тўғри фойдаланиш ҳисоби, ҳисоботи ва назорати

26. Жамғарма маблағлари шаклланиши ва келиб тушиши ҳисобини юритиш ва ҳисоботини тузиш Дирекция томонидан, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

27. Жамғарма фаолияти бўйича барча маълумотлар, жумладан, иш берувчилар ва ишчилар (СТИР кўрсатилган ҳолда) ҳисоби реестри, буюртмачи — иш берувчилар ва ишчилар ўртасида тузилган меҳнат шартномалари тўғрисида маълумотлар, пул ўтказмалари ва тўловлари, шунингдек бошқа операциялар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда, Дирекция томонидан шакллантириладиган «Жамоат ишлари» автоматлаштирилган ахборот тизимларининг электрон маълумотлар базасида акс эттирилади.

28. Дирекция ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Жамғарманинг жамоат ишларини ташкил этишга ажратилган маблағлари шаклланиши ва ишлатилиши тўғрисида, шунингдек жамоат ишлари ҳудудий дастурларининг бажарилиши кўрсаткичлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклларга кўра (электрон ва қоғоз шаклларда) ҳисобот бериб боради.

29. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳар чоракда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар Жамғарма Кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Молия вазирлигига Жамғарманинг жамоат ишларини ташкил этишга ажратилган маблағлари шаклланиши ва ишлатилиши тўғрисида, шунингдек жамоат ишлари ҳудудий дастурларининг бажарилиши кўрсаткичлари тўғрисида ҳисобот бериб боради.

30. Буюртмачи — иш берувчилар томонидан жамоат ишлари иштирокчиларига Жамғармадан ажратилган маблағлар қисми ҳисобидан иш ҳақининг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш юзасидан назорат Дирекция томонидан амалга оширилади.

31. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан жавобгарлик иш берувчи — буюртмачи ва Дирекцияга юкланади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

32. Жамғарма фаолияти, шунингдек Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши доирасида вужудга келадиган баҳслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

33. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб беришади.

34. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.