ТАЪТИЛЛАР БЎЙИЧА

ТАЪТИЛЛАР БЎЙИЧА

Савол: Меҳнат кодекси бўйича меҳнат таътиллари қандай ҳисоблаш керак?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 221-моддаси биринчи қисмига кўра ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади.

Меҳнат кодексининг 217-моддасига кўра ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этади.

Меҳнат кодексининг 219-моддасига кўра ҳар йилги қўшимча таътиллар:

ушбу Кодекснинг 481-моддасига мувофиқ меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга;

ушбу Кодекснинг 483-моддасига мувофиқ ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга;

ушбу Кодекснинг 220-моддасига мувофиқ битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;

қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилади.

Меҳнат кодексининг 218-моддаси иккинчи қисмида   давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги йигирма етти календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади, бундан давлат ходимларининг айрим тоифалари учун қонунда ҳар йилги асосий узайтирилган таътилнинг узоқроқ давомийлиги белгиланган ҳоллар мустасно.

Меҳнат Кодекснинг 220-моддасига мувофиқ ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Савол: Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бошқарув ходимлари, ишлаб чиқариш ва техник ходимларига неча кун  таътил берилади?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 218-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги йигирма етти календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.

Демак, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг барча ходимларига (бошқарув, ишлаб чиқариш, техник ва хизмат кўрсатувчи) ҳар йилги йигирма етти календарь кун бўлган асосий узайтирилган таътил берилиши лозим.

Савол: Меҳнат таътили даври учун таътил пули қандай ҳисобланади?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 216-моддаси биринчи қисмига кўра ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир.

Меҳнат кодексининг 233-моддаси биринчи қисмига кўра ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Меҳнат кодексининг 221-моддасининг иккинчи қисмида ҳар йилги меҳнат таътиллари давомийлигини ҳисоблаб чиқаришда ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобга олинмаслиги белгиланганлиги учун таътил даврига тўғри келиб қоладиган байрам кунлари учун ўртача иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинмайди.

Меҳнат кодексининг 257-моддасининг тўққизинчи ва ўнинчи қисмларида иш кунларининг ўртача ойлик сони (25,3) белгиланишида олти кунлик иш кунлари ҳисобга олинган.

Мазкур модданинг ўн иккинчи қисмида алоҳида ҳоллар учун ходимларнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши кўрсатилган бўлиб, меҳнат таътили вақтидаги якшанба (дам олиш куни) учун ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 263-сон қарори билан “Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрлари” тасдиқланди ва унинг изоҳ қисмида таътил учун ҳақ тўлашда якшанба ва байрам кунлари инобатга олинмаслиги белгиланди.

Шунга кўра, меҳнат таътили вақтидаги якшанба ва байрам кунлари учун ҳақ тўланмайди.

Савол: Битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга қўшимча таътил бериш белгиланди, тармоқ деганда нимани тушуниш лозим?

Жавоб: Меҳнат Кодекснинг 220-моддасига мувофиқ ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Тармоқда ишлаган даврини ҳисоблашда республика даражасидаги вазирлик ва идораларнинг тизимида ва тасарруфий ташкилотларида ишлаган даврини инобатга олиш тавсия этилади.

            Савол: 2023 йил май ойида ходим меҳнат таътилига чиқиши керак, таътил ҳисоблаш даври 2022 йил май ойидан 2023 йил май ойига тўғри келади. Ушбу ҳолатда ходимга иш куни бўйича таътил бериладими ёки календарь кун бўйича берилади?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 221-моддаси биринчи қисмига кўра ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилиши белгиланганлиги сабабли, ходимларга ҳар йилги меҳнат таътили қайси давр учун берилишдан қатъий назар календарь кунларда ҳисобланади.

Савол: Ходим билан тузилган меҳнат шартнома бекор қилинганда фойдаланмаган йиллик асосий ва қўшимча меҳнат таътили учун пуллик компенсация иш кунлари бўйича ҳисобланадими ёки календарь кунлар бўйичами? 

Жавоб: Меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга фойдаланмаган асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация унга берилиши лозим бўлган даврдаги таътиллар бўйича ҳисобланади, яъни янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар иш кунлари, кучга киргандан кейин календарь кунлари бўйича ҳисобланади.

Мисол учун: ходимни 2023 йил 1 июлдан меҳнат шартномаси бекор қилинса, унга 2022 йил август ойидан бошлаб фойдаланмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўланиши керак, меҳнат шартномасига кўра 24 иш кунига тенг меҳнат таътили берилиши керак эди, меҳнат шартномага ўзгартириш киритилганда 27 календарь кун асосий меҳнат таътили берилиши керак бўлса, жами 23 кунга фойдаланмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўланади.

Ушбу мисолда:

2022 йил август ойидан 2023 йил 30 апрелга (янги Кодекси кучга кирган сана) қадар 9 ой учун – 18  иш куни;

2023 йил май-июль ойлари учун 6 календарь кун, якшанба ҳисобга олинмаганда 5 кун;

Ушбу ҳолатда асосий меҳнат таътили 27 календарь кун асосий, 10 йил бир ташкилотда ишлаганлиги учун қўшимча таътил 4 календарь кун, жами 31 календарь кун  (31/12=2,58 яхлитланганда 3) 6 календарь кун фойдаланмаган таътил учун пуллик компенсация тўланади.  

Савол: Ходим асосий ва қўшимча йиллик меҳнат таътилларини бир ҳафтадан бир неча қисмларга бўлиб олмоқчи. Иш берувчи ходимга ушбу таътилларни қисмларга бўлиб беришга мажбурми?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 231-моддасига кўра ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Шу сабабли иш берувчи ходимга асосий ва қўшимча таътилларни қисмларга бўлиб беришга мажбур эмас, чунки Меҳнат кодексининг
231-моддасида келишувга кўра эканлиги белгиланган, яъни бу иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади, мажбурияти эмас.

Агар иш берувчи ходимга ҳар йилги таътилини қисмларга бўлиб беришга рози бўлса, меҳнат таътили қисмларининг ҳеч бўлмаганда бир қисми, яъни қайси қисми бўлишидан қатъий назар (биринчи, иккинчи ёки учинчи қисми) ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Савол: Иш стажи бўйича қўшимча таътил олиш ҳуқуқи ходим ишга қабул қилинган санадан бошланадими ёки Меҳнат кодекси кучга кирган санадан бошланадими?

Жавоб: Меҳнат Кодекснинг 220-моддасига мувофиқ ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Ушбу қўшимча таътил олиш ҳуқуқи ходимга меҳнат таътили берилаётган вақтда ташкилотда ёки тармоқдаги иш стажи, яъни ишга қабул қилинган вақтдан ҳисобланади.  

 

ИШ ҲАҚИ БЎЙИЧА

Савол: Ходимга иш ҳақини белгилашда қонунчиликда қандай талаблар мавжуд?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 42-моддасига кўра ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Меҳнат кодексининг 245-моддасига кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бир вақтнинг ўзида белгиланади ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурийдир.

Иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

Меҳнат кодексининг 246-моддасига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдори иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги келишувга кўра, бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва шартлари, ходимнинг касбий-малакавий ва ишчанлик сифатлари, унинг меҳнати ҳамда ташкилотнинг хўжалик фаолияти натижалари ҳисобга олинган ҳолда ушбу иш берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларига мувофиқ белгиланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари, шу жумладан тариф ставкалари, маошлар, компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан нормал шароитлардан четга чиқувчи шароитлардаги иш учун шундай қўшимча тўловлар ҳамда устамалар миқдорлари, рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ва устамалар тизимлари ҳамда мукофотлаш тизимлари жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномасида белгиланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори бирор-бир энг кўп миқдор билан чекланмайди.

Бундан ташқари, ходимга иш ҳақини белгилаш ва тўлашда Меҳнат кодексининг 243-271-моддаларида белгиланган талабларга риоя этиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 мартдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-45-сон Фармонига мувофиқ 2023 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 980 000 сўм этиб белгиланган.

Савол: Ўртача иш ҳақини ҳисоблашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йилги 133-сон қарорида белгиланган тартибга риоя этиш мумкинми, чунки ҳозир бекор қилинмаган?

Жавоб: Йўқ мумкин эмас, чунки амалдаги Меҳнат кодексининг
257-моддасида ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартиби белгиланган бўлиб, ушбу қодаларга риоя этиш лозим. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йилги 133-сон қарорини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Савол: Ходимга меҳнатга лаёқатсизлик даври учун нафақа қандай ҳисобланади?

Жавоб: Ходимга меҳнатга лаёқатсизлик даври учун нафақа меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган муддатдаги иш кунлари бўйича ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб тўланади.

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш тартиба Меҳнат кодексининг
257-моддасига асосан ҳисобланади.

Савол: Янги Меҳнат кодекси бўйича иш ҳақи ўз вақтида тўланмаса пеня тўлайдими?

Жавоб: Иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.

Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган, ходимга тўланадиган пулли компенсациянинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин. Мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкаси 2023 йил 17 мартдан ҳозирги кунга қадар 14 фоиз бўлиб, яъни иш ҳақи кечиктирилган кун учун пуллик компенсация миқдори 1,4 фоизни ташкил этади.

Масалан, ходимнинг иш ҳақи, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлар жами миқдори 5 млн. сўм.

5 млн. сўмни 1,4 фоизи 70 минг сўм бўлади.

Иш берувчи 10 кунга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш муддатини кечиктирса, ушбу кечиктирилган 10 кун учун 700 минг сўм пулли компенсация тўлаши шарт бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2000 йилдан ҳозирги кунгача бўлган асосий ставкаси (қайта молиялаш ставкаси) динамикаси (ўзгариш даражаси)ни Марказий банкнинг веб-сайтида кўриш мумкин.

 

ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА

Савол: Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишга қабул қилиш бекор қилиндими? Қандай ҳолларда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузиш мумкин?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 11-моддасига кўра ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини иш берувчи томонидан таъминлашда ходимнинг меҳнат вазифасини ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда ҳақ эвазига шахсан бажариши ҳақидаги, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга асосланган муносабатлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидир.

Шу муносабат билан, шарнома тузилаётганда шартнома шартларида якка тартибдаги меҳнат муносабатлар вужудга келса, фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади.

Савол: Педагоглар билан муддатли меҳнат шартнома тузиш мумкинми? Қандай ҳолларда муддатли меҳнат шартнома тузиш мумкин?

Жавоб: Ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузишнинг асослилиги Меҳнат кодексининг 111-моддасида белгиланган.

Меҳнат кодексининг 112-моддасига кўра қуйидаги ҳолларда ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилади:

меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ иш жойи ўзида сақланиб қоладиган, йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақти учун;

вақтинчалик (икки ойгача) ишларни бажариш вақти учун;

табиий шароитлар туфайли иш фақат муайян давр (мавсум) ичида амалга оширилиши мумкин бўлганда мавсумий ишларни бажариш учун;

иш берувчининг одатдаги фаолияти доирасидан ташқарига чиқадиган ишларни (реконструкция қилиш, монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш ишлари ва бошқа ишлар), шунингдек ишлаб чиқаришни ёки ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмини олдиндан маълум бўлган вақтинчалик (бир йилгача) кенгайтириш билан боғлиқ ишларни бажариш учун;

таъсис ҳужжатларига биноан олдиндан белгиланган муддатга ташкил этилган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан;

ишнинг тамомланиши аниқ сана билан белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда муддатли хусусиятга эга бўлган, олдиндан белгиланган ишларни бажариш учун қабул қилинадиган шахслар билан;

ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси билан бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ёки стажировкани ўташ учун;

меҳнат органлари томонидан вақтинчалик хусусиятга эга бўлган ишларга ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган шахслар билан;

муқобил хизматни ўташ учун юборилган фуқаролар билан;

Ўзбекистон Республикасига унинг ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан тузилади.

Меҳнат кодексининг 113-моддасига кўра қуйидаги ҳолларда ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин:

микрофирмалар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар бўлган иш берувчиларга ишга кираётган шахслар билан;

жисмоний шахслар бўлган иш берувчиларга шахсий хизмат кўрсатиш ва уй хўжалигини юритиш бўйича ёрдам бериш мақсадида ишга кираётган шахслар (уй ишчилари) билан;

чўлдаги, баланд тоғли, аҳолиси кам бўлган туманларда жойлашган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан, агар бу иш жойига кўчиб ўтиш билан боғлиқ бўлса. Бундай туманларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади (06.09.2019 йилги 743-сон қарори);

ҳалокатлар, авариялар, бахтсиз ҳодисалар, эпидемиялар, эпизоотияларнинг олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш, шунингдек ушбу ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш учун;

маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарларни яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда ишлар, касблар, лавозимларнинг тасдиқланадиган рўйхатларига мувофиқ;

агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўз ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ташкилотларнинг раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бош бухгалтерлари, шунингдек улар алоҳида бўлинмаларнинг раҳбарлари билан;

кундузги ўқитиш шакли бўйича таълим олаётган шахслар билан;

ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар билан тузилиши мумкин.

Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра муддатли меҳнат шартномаси ушбу Кодексга ёки бошқа қонунга мувофиқ ўзга ҳолларда ҳам тузилиши мумкин.

Демак, Меҳнат кодексининг 112-моддасида кўрсатилган ҳолларда иш берувчи билан ходим ўртасида муддатли меҳнат шартномаси тузиши керак бўлса, 113-моддада кўрсатилган ҳолатларда иш берувчи ва ходим ўртасида келишувга кўра муддатли меҳнат шартнома тузиш мумкин.

Юқоридаги рўйхатларда педагог ходимлар кўрсатилмаган бўлиб, умумий қоидаларга кўра педагоглар билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузиш лозим.

Меҳнат кодексининг 111-моддаси тўртинчи қисмига кўра  белгиланган муддатга тузилган меҳнат шартномаси бунинг учун ушбу Кодекснинг 112 ёки 113-моддасида назарда тутилган етарли асослар мавжуд бўлмаганда номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.

Савол: Ҳозирги кунда барча ходимларга электрон меҳнат дафтарча юритилмоқда, шунинг учун олдиндан қоғоз шаклдаги меҳнат дафтарчаси бўлган ходимларга қоғоз шаклдаги меҳнат дафтарча юритиш шартми?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 125-моддаси бешинчи қисмида иш берувчи ишга қабул қилиш, бошқа ишга доимий ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни меҳнат дафтарчасига ҳамда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиши шартлиги белгиланган.

Шу сабабли, 2020 йил 1 январга қадар меҳнат дафтарча очилган барча ходимларнинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига ёзувлар киритиш шарт ҳисобланади.

 

ИШДАН БЎШАТИШ БЎЙИЧА

            Савол: Ташкилот қайта ташкил этилганда ёки бўйсунуви ўзгарганда ходим билан янги меҳнат шартнома тузиш шартми?

            Жавоб: Меҳнат кодексининг 156-моддасига кўра ташкилотнинг мулкдори алмашганда, худди шунингдек ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг розилиги билан давом эттирилади.

Ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги ёки қайта ташкил этилганлиги (қўшиб юборилганлиги, қўшиб олинганлиги, бўлинганлиги, ажратиб чиқарилганлиги, ўзгартирилганлиги) ушбу ташкилотнинг ходимлари билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Ходим ишни давом эттиришни рад этганда ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 173-моддасига мувофиқ тегишли ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда бекор қилинади.

Демак, ташкилот қайта ташкил этилганда ёки бўйсунуви ўзгарганда ходим билан янги меҳнат шартнома тузиш шарт эмас.

Савол: Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиш учун  огоҳлантириш муддатини пуллик компенсацияга алмаштиришда қандай ҳолларда ходим билан келишиш талаб этилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 137-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган иш берувчи меҳнат шартларининг келгусидаги ўзгариши ҳақида огоҳлантириш пайтидан эътиборан икки ҳафталик огоҳлантириш муддатини ходим билан ўзаро келишуви асосида амалга оширади.

Бошқа барча ҳолларда:

Меҳнат кодексининг 137-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган огоҳлантириш пайтидан эътиборан икки ҳафтадан ортиқ бўлган муддатини:

Меҳнат кодексининг 146-моддасининг иккинчи қисмига (Иш берувчи ўзининг келгусида бошқа жойга кўчиши тўғрисида) асосан икки ҳафтадан ошадиган огоҳлантириш муддатини,

Меҳнат кодексининг 165-моддасининг учинчи қисмига асосан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисида;

Меҳнат кодексининг 168-моддасининг биринчи қисм 6-банди (учинчи қисмида) назарда тутилган ҳолларда ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги сабабли иш берувчининг хоҳиши асосида амалга оширилади.

Савол: Муддатли меҳнат шартнома тузилганда охирги кун дам олиш ёки байрам кунига тўғри келса, қайси санадан меҳнат шартнома бекор қилиниши керак?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 170-моддаси иккинчи қисмига кўра охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кундир. Агар охирги иш куни дам олиш кунига ёхуд ишланмайдиган байрам кунига ёки бошқа ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни охирги иш куни деб ҳисобланади.

Савол: Ходимлар сони қисқарганлиги сабабли иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартнома бекор қилинганда ходимга қанча вақтгача нафақа тўланади?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 100-моддасида кўрсатилган асослар бўйича меҳнат шартномаси  бекор қилинган тақдирда, иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолиши ходимлар учун кафолатланади.

Агар ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, улар маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мазкур масала бўйича “Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилиниб, огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилганда ходимларга моддий мадад бериш тартиби ҳақида тушунтириш” (рўйхат рақами – 720, 1999 йил 10 май) тасдиқланган ва камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг  2023 йил 10 майдаги 9-2023/B-сонли буйруғи билан янги Меҳнат кодексига мувофиқлаштирилган бўлиб, унда қуйидаги аниқ мисол билан Тушунтириш берилган.

Огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилганда, ходимнинг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси биринчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган моддий мадад олишга оид қўшимча кафолатлари сақланиб қолади, ҳамда у меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг иккинчи ва учинчи ойлар давомида ишга жойлашмаган тақдирда унга иккинчи ва учинчи ойлар учун илгариги иш жойидан ўртача иш ҳақини тўлаш муддатлари ҳам ўзгармайди.

Мисол. Меҳнат шартномаси 1 мартдан бекор қилиниши ҳақидаги билдирув хати билан ходим 1 январда ёзма тарзда огоҳлантирилди. Лекин, ходим билан иш берувчининг келишуви асосида ушбу огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва ходим билан меҳнат шартномаси 1 январдан бекор қилинди. Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда (январь, февраль ойлари учун) пуллик компенсация ва бир ойлик (январь учун) ишдан бўшатиш нафақаси тўланди. Агарда ходим, ишга жойлашмаганлигини меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхаси билан тасдиқласа (электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш my.mehnat.uz электрон манзили бўйича электрон меҳнат дафтарчасининг ноёб рақамини киритиш ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилиш орқали амалга оширилади), Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган иккинчи ой (февраль) учун ўртача ойлик иш ҳақини март ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу ходим, меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг ўттиз календарь кун ичида, яъни 2 январдан 31 январгача бўлган муддатда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса ва апрель ойида бу тўғрисида меҳнат органининг маълумотномасини тақдим қилса, унга учинчи ой (март) учун ҳам илгариги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.