Низом
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятининг тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) республика миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш соҳасида халқаро ҳуқуқ нормалари ва қоидаларига асосланган фаолиятни амалга оширади.
3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Агентликнинг таъсисчиси ҳисобланади.
4. Агентлик давлат тасарруфида бўлган ва унга оператив бошқарувга берилган мулк негизида ташкил қилинган давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига эга, ўз номидан ҳуқуқларга эга бўлиши, мажбуриятларни қабул қилиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
Агентлик ўзига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкка, шунингдек, ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида харид қилинадиган (олинадиган) ва Агентлик тасарруфида бўлган бошқа мулкка қонун ҳужжатларида ҳамда ушбу Низомда белгиланган тартибда эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.
5. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, фармойишлари ва қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, ҳайъат қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буйруқларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
6. Агентлик ва унинг ваколатхоналари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, ўз номи ёзилган штамплар, бланкаларга эга. Агентлик ўз эмблемасига эга.
Агентлик Тошкент шаҳри, Қамаринисо кўчаси, 1-уйда жойлашган.
Агентликнинг электрон почта манзили: info@migration.uz.
7. Агентликнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги;
қисқартмаси — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги;
б) инглиз тилида:
тўлиқ — The Agency of External Labour Migration under the Ministry of Employment and Labour Relations of the Republic of Uzbekistan;
қисқартмаси — The Agency of External Labor Migration;
в) рус тилида:
тўлиқ — Агентство по внешней трудовой миграции при Министерстве занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан;
қисқартмаси — Агентство по внешней трудовой миграции;
8. Агентлик ўз фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширади.
9. Агентлик республика ҳудудларида ўз филиалларини ва хорижда ваколатхоналарини белгиланган тартибда ташкил этади.
2-боб. Агентликнинг вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини ўтказиш ва хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ва назорат қилиш орқали уларга хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланишга доир ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш;
ташқи меҳнат миграциясини комплекс таҳлил қилиш, шу асосда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришда кўмаклашиш;
меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш жараёнларини тартибга солиш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш фаолиятини лицензиялаш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишчи органи функцияларини бажариш;
юридик шахсларга хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномаларни ва хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти учун тасдиқномаларни белгиланган тартибда бериш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилаётган хорижий фуқароларнинг ҳисобини юритиш.
11. Агентлик ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнатиш мақсадида хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганади, хорижий иш берувчиларни топади, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш тўғрисида хорижий иш берувчилар ва хусусий агентликлар билан шартномалар тузади ҳамда уларнинг амалга ошишини таъминлайди;
ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб боради, халқаро, давлатлараро ва идоралараро шартномалар, битимлар ва баённомалар лойиҳаларини тайёрлайди;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномалар, битимлар, баённомалар ва бошқа ҳужжатлардан келиб чиқадиган тегишли қарорлар ва мажбуриятларнинг хорижий ҳамкорлар ва иш берувчилар томонидан бажарилишини мувофиқлаштиради;
хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни ишга жойлашадиган давлатнинг қонун ҳужжатлари асослари, анъаналари ва у ерда ўзини тутиш нормаларидан хабардор қилади;
хорижга ишга юбориш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотлар билан шартномалар асосида танлаб олади, уларни кетишдан олдин тайёрлайди ва жўнатади;
хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ягона маълумотлар базасини шакллантиради, шунингдек, хорижий иш берувчилар реестрини юритади;
вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетишдан олдин мослаштиради, касбга тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади, уларга чет тилларни, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқаришда меҳнатни ҳимоя қилиш қоидаларини ўргатади;
хорижий иш берувчилар талабларини ҳисобга олган ҳолда, ишга жойлаштириш учун хорижга юборилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ваколатли тиббиёт муассасаларини жалб қилган ҳолда комплекс тиббий кўрикдан ўтказади;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ҳудудидан транспортда кетаётганда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришда иштирок этади, авиа ва темир йўл транспортида имтиёзли йўл чипталарини сотиш бўйича Агентлик ҳузурида ташкил этилган ихтисослаштирилган кассалар ишини мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар олиш учун аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади;
хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун юридик шахсларга рухсатномалар ва чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни беради ҳамда уларнинг муддатини узайтиради;
Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучидан фойдаланишни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга иш берувчилар риоя этишини назорат қилади;
Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномага эга хорижий фуқаролар томонидан республика ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда назорат қилади;
вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин мослаштириш марказлари, ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака ошириш марказлари, тил ўргатиш марказлари фаолиятини, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этади ва бошқаради;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари орқали хорижда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат фаолияти мониторингини олиб боради;
хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик муассасалари билан ҳамкорликда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;
меҳнат мигрантларини қайта интеграциялаштириш бўйича дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади, хорижда вақтинча меҳнат фаолияти ниҳоясига етгач, ватанига қайтиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кейинчалик ишга жойлаштириш учун уларнинг рўйхатларини аҳолини ишга жойлаштиришга кўмаклашувчи ҳудудий органларга тақдим этади.
3-боб. Агентлик ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тузилган шартномаларга мувофиқ хорижда ишлаш учун кадрларни танлаб олиш, уларнинг чет тилларни билишини ва касбга лойиқлигини текшириш, шунингдек, ишга жойлашадиган мамлакатнинг асосий қонунларини тушунтириш;
хорижий ҳамкорлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида тузилган шартномаларга мувофиқ хорижга ишга юбориладиган номзодлар ҳақида ахборот олиш учун ваколатли органларга мурожаат қилиш;
хорижий ҳамкорлар билан тузилган битимларни (шартномаларни) ҳисобга олган ҳолда, дастлабки саралашдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан уларни хорижда ишга жойлаштиришда хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар тузиш;
мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари (контрактлари) бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари тўғрисидаги маълумотларни мазкур юридик шахслардан заруратга қараб олиш;
хорижий ишчи кучини ёлловчи ёки бунга кўмаклашувчи хорижий ташкилотлар билан ўз ваколати доирасида бевосита ўзаро ҳамкорлик қилиш;
ушбу Низомда назарда тутилган айрим функцияларни бажариш учун ўқитувчиларни, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари мутахассисларини, шунингдек, бошқа юридик ва жисмоний шахсларни зарур бўлганда шартномалар (контрактлар) бўйича жалб қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасини ташкил этиш;
хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет тилларга ўқитиш ва касбга тайёрлаш якунлари бўйича уларга иловага мувофиқ сертификатлар бериш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришда кўмаклашиш ва чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини самарали тартибга солиш соҳасидаги юридик шахслар фаолияти мониторингини олиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда бўш пул маблағларини банклар ва бошқа ташкилотларнинг депозит ҳисоб рақамларига жойлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда, хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетишдан олдин тайёрлаш, чет тилига ўқитиш ва имтиҳонга тайёрлашга ихтисослашган ҳудудий филиалларни, марказларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда Агентликнинг хорижий ваколатхоналарини ташкил этиш ва тугатиш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари бошқарув ходимларининг чекланган сонига ўзгартиришлар киритиш.
13. Агентлик ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.
4-боб. Агентлик мол-мулки ва молия-хўжалик фаолияти
14. Агентлик мол-мулкини асосий жамғармалар ва айланма маблағлар, шунингдек, қиймати мустақил балансда акс эттирилган бошқа қимматликлар ташкил этади.
15. Агентлик мол-мулки унга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишлидир.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Агентлик мол-мулкини тасарруф этиш ҳуқуқига эга.
16. Агентлик хўжалик ҳисоб-китоби асосида қуйидаги хизматларни кўрсатади:
вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига темир йўл чипталарини, авиачипталарни харид қилишда ва бошқа транспорт-логистика масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш;
хорижда ишга жойлашиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш;
хусусий ва юридик шахслар талабномалари бўйича иш жараёнига жалб этилмаган Агентлик транспорт воситаларини жалб қилиш орқали транспорт хизматларини кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва чет эл фуқароларини меҳмонхоналарга жойлаштириш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш.
17. Даромад Агентлик молия-хўжалик фаолиятининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи ҳисобланади.
18. Қуйидагилар Агентлик молия ресурсларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
хўжалик фаолиятидан тушган фойда (даромад);
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган тарифга кўра юридик шахсларга хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар бериш (узайтириш), шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар бериш (узайтириш) учун олинган маблағлар;
хусусий контрактлар бўйича хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига кўрсатиладиган хизматлар ҳақини ундиришдан олинадиган даромад;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган тарифлар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштириш, кетишдан олдин мослаштириш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, уларга чет тилларини, техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини ўргатиш бўйича Агентлик томонидан кўрсатиладиган хизматлардан олинган маблағлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Агентлик ихтиёрида қоладиган соф фойдадан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қарорига мувофиқ, шу жумладан Меҳнат органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармасига йўналтириш орқали фойдаланилади.
19. Агентлик пул маблағларини сақлаш ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган барча турдаги ҳисоб-китоб ва касса операцияларини амалга ошириш учун тижорат банкларида ҳисоб рақам, валюта ва бошқа ҳисоб рақамларни очиш ҳуқуқига эга.
20. Агентлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ вазифалар ва функцияларни бажариш учун ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
21. Хўжалик фаолиятидан тушган валюта тушуми қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланади, Агентликнинг валюта ҳисоб рақамига ўтказилади ва ундан Агентлик раҳбариятининг топшириғига кўра фойдаланилади.
22. Агентлик ўз фаолиятининг оператив ва бухгалтерия ҳисобини, шунингдек, статистика ҳисоботини юритади.
5-боб. Агентликка раҳбарлик қилиш
23. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
Агентлик бошлиғи:
умумий раҳбарлик қилади, Агентликнинг жорий фаолиятини ташкил этади ва ўз зиммасига юкланган вазифалар бажарилиши учун жавоб беради;
давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий давлатларнинг давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Агентлик номидан иш юритади;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Агентликнинг штатлар жадвалини, уни сақлаш учун харажатлар сметасини тасдиқлайди;
хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун юридик шахсларга рухсатномаларни ва чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш бўйича вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни қонун ҳужжатларига мувофиқ беради (узайтиради);
Ўзбекистон Республикасининг тасдиқланган давлат ривожлантириш дастурлари ва бошқа мақсадли дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишда, мамлакатимиз масъул ижро этувчиларининг талабномалари бўйича Ўзбекистон Республикасига хорижий мутахассисларни жалб қилишга белгиланган тартибда рухсатномалар беришни (узайтиришни), шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар беришни (узайтиришни) таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Агентликнинг ҳудудий филиаллари, хорижий ваколатхоналари, хорижга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин мослаштириш ва ўқитиш марказлари раҳбарларини, бўлинмалар раҳбарларини ва ходимларни лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;
Агентликка юкланган вазифаларга мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.
Агентлик бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган уч нафар ўринбосарга, жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга.
6-боб. Якунловчи қоида
24. Агентлик қонунда белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.