Юқори ҳароратли об-ҳаво шароитларида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчиларга ишлаш тартиби

05.07.2021

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида кузатилаётган юқори ҳароратли об-хаво шароитларида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчилар томонидан белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда меҳнат фаолиятларини амалга оширишлари талаб этилади.

Хусусан, корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цехлар, бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлимнинг меъёрлари СанҚваМ 0324-16 талаблари асосида бўлиши лозим.

Яъни, енгил I-категорияли ишлар (иш жараёни ўтирган ҳолда амалга оширилади, жисмоний оғирлик талаб этилмайди)да ҳаво ҳарорати 24-27 0С, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60% ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,1-0,2 м/сдан ошмаслиги, ўрта оғирликдаги II-категорияли ишлар (иш жараёни ўтирган ва қисман юрган ҳолатда амалга оширилади, 1 кг.дан 10кг.гача бўлган буюмларни кўтаради)да ҳаво ҳарорати 22-25 0С, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60% ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,3 м/сдан ошмаслиги, оғир III-категорияли ишлар (иш жараёни доимий ҳаракатда амалга оширилади, 10 кг.дан юқори бўлган юкларни кўтаради)да ҳаво ҳарорати 21-23 0С, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60% ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,4 м/сдан ошмаслиги лозим.

Микроиқлимнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган меъёрий миқдорларини белгилаш ишлаб чиқариш жараёнига технологик талаблар, уларни таъминлашнинг технологик жиҳатдан иложи бўлмаганлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги иқтисодий асосланганлиги туфайли имкони бўлмаган ишлаб чиқариш хоналарида ишловчиларни юз бериши мумкин бўлган қизиб кетишдан ҳимоялаш учун тадбирлар: ҳавони маҳаллий совутиш, ҳаво душлари, дам олиш хоналари, юқори ҳароратдан ҳимоялаш учун махсус кийимлар, шахсий ҳимоя воситалари, иш ва дам олиш вақтини регламентлаш кабилар кўзда тутилиши лозим. Иссиқликдан шикастланишнинг олдини олиш мақсадида тўсиб турувчи юзаларнинг ҳарорати 45ºС дан ортиб кетмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 14 август 1996 йилда 273-сон билан рўйхатдан ўтган “Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида”ги Намунавий низом талабларига асосан Ходимларнинг меҳнат шароити хавсизлигини таъминлаш бўйича қуйидаги вазифаларни:

Меҳнатнинг санитария-гигиеник шароитларини меъёрлаштиришни;

Цехлар ва ишлаб чиқариш биноларида санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган зарур иссиқлик-намлик режимини яратишни;

Мазкур технологик жараёнга қўйиладиган талабларга мос равишда шамоллатиш қурилмалари, кондиционерлар тизимларига эга бўлиш ҳамда ундан фойдаланишни таъминлаш лозим.

Иш берувчи томонидан хавонинг иссиқ ҳарорати юқори даражаси вақтида биноларда миқроиқлим шароитини яхшилайдиган ускуналарнинг (кондиционер, вентиляция, ишлаб чиқариш майдонларга ўрнатилган қуруқ ҳавони намлаштириш ускуналари ва бошқалар) фаолиятини таъминлаши ва назорат қилиш, техник жихатдан бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш ва дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтини қисқартирилиши, ходимларни бепул тоза ичимлик (минералланган) сув билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.

Меҳнат шароитлари бўйича йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар иш категориясига (Iа-III) мувофиқ ҳаво ҳарорати 34,2°C-36,0°C дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланиб (0141-03-сон СанҚваМ), мазкур ҳолатда иш режимини ўзгартирган ҳолда, яъни иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчирган ҳолда ишни ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Агарда ходим очиқ майдонда (қурилиш майдонларда, далаларда) фаолиятини амалга ошириётган бўлса, иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари ажратилиши, иш режимини ўзгартирилиши (дам олиш вақтларини узайтириш ёки ишлаш соатларини ўзгартириши, иш вақтнинг қисқартирилиши), шунингдек ходимларни бепул тоза ичимлик (минерал) сув билан таъминланиши лозим.

Корхонадаги бундай ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (тариф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 219-моддасига мувофиқ ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим. 

Шу давр мобайнида Меҳнат кодексининг 159-моддасига мувофиқ ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолинади.

Об-ҳаво харорати даражаси юқори бўлган вақтларда қуйидагилар тавсия этилади:

-  тўғридан-тўғри қуёш нурларидан сақланиш, кўпроқ сояда бўлиш;

- имкон қадар қўчада ўтказиш вақтини чеклаш;

- ёрқин рангли, енгил, табиий матолардан тикилган кийим кийиш;

- иссиқдан ҳимояланиш учун, бош қийим ёки соябон билан юриш; 

- жисмоний фаолиятни камайтириш;

- автомашинани бошқариш вақтини қисқартириш;

- иш вақти оралиғида салқин жойда танаффус қилиш;

- кўпроқ сув ичиш, илиқ чой ёки газланмаган минерал сув;

- тана хароратини мунтзам назорат қилиб бориш;

- спиртли (алкоголь) ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик ва бошқалар.