Вазир Беҳзод Мусаев АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник билан учрашди.

28.02.2023

Вазир Беҳзод Мусаев АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник билан учрашди.
Унда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

АҚШ элчиси пахта саноатида мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш борасида эришилган ютуқларни юқори баҳолади.
Бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар ўзбек пахтасининг 2022-йилда АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан “Мажбурий ва болалар меҳнати билан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ro‘yxati дан чиқарилишига хизмат қилди.


Ижобий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, томонлар иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, масалан, ипакчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам мониторинг ўтказиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришнинг қўшимча жиҳатлари сифатида касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, қабул қилувчи давлат нормаларига мувофиқ тартибга солинадиган мавсумий меҳнат миграциясини ташкил этиш масалалари белгиланди.