Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли конвенцияси
2021 йилнинг 4 июнида “Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида 187-сонли конвенциясини (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида” ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
ХМТнинг 187-сонли Конвенцияси ХМТнинг устувор конвенцияларидан бири ҳисобланиб, унинг мақсади – ишлаб чиқаришда шикастланишлар, касбий касалликлар ва инсонлар ўлимнинг олдини олиш учун доимий равишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини такомиллаштириш.
Ҳозирги вақтда ХМТнинг 187-сонли Конвенцияси 49 та давлат томонидан ратификация қилинган, шу жумладан МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси.
Мазкур Конвенциянинг 2-моддасида Конвенцияни ратификация қилаётган ҳар бир аъзо давлат иш берувчилар ва ишчиларнинг энг эътиборли ташкилотлари билан келишган ҳолда миллий дастур ишлаб чиқиш орқали касб касалликлари, ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва инсонлар ўлимнинг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб бориши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси томонидан ХМТнинг 187-сонли Конвенцияни ратификация қилиш миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳужжатларида белгиланган, меҳнат хавфсизлиги ва гигенасига кўмаклашиш асосларига таалуқли бўлган принципларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.
Мазкур конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниши Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳамкорлигида халқаро стандартлар талабига мувофиқ меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги миллий дастур ишлаб чиқилиши ҳамда мазкур миллий дастур орқали хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳитини босқичма-босқич яратиш бўйича изчил чораларни кўришга замин яратади.