«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

10.03.2020

regulation.gov.uz норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатга асосан, хусусий бандлик агентликлари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни иш берувчи ёки буюртмачи ҳисобидан амалга оширади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ундириши тақиқланади.

Хусусий бандлик агентлиги томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labor-migration” дастурий мажмуасида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказилади. Мазкур талабга риоя этмаслик хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатишдан олдин уларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида ёзма шаклда билдиришнома берилади. Билдиришномада кўрсатилаётган хизматлар учун фуқаролардан тўловлар ундирилмаслиги, хусусий бандлик агентлиги ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда мурожаат қилиш учун ўзининг ҳамда Ўзбекистон Республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг алоқа боғлашга доир маълумотлари кўрсатилиши лозим.

Агентликлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг сўровига асосан ўз фаолияти ҳақидаги тўлиқ маълумотларни тақдим этади. Текширишлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ваколатли вакиллари хусусий бандлик агентликларининг ҳудудлари ва биноларига монеликсиз кириш имкониятига эга, шунингдек ҳужжатлар билан танишиб чиқади, улардан кўчирма нусхалар ҳамда масъул ходимлардан фаолиятга доир масалалар бўйича оғзаки ва ёзма тушунтиришлар олиш ваколатига эга бўлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан жойланган ушбу лойиҳа шу йилнинг 24 мартига қадар муҳокамада бўлади.