Вазир Нозим Хусанов Квангжу шаҳар мери билан учрашув ўтказди

25.06.2021

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири бошчилигидаги делегация меҳнат миграцияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Корея Республикасида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида вазир Нозим Хусанов ва Корея Республикасининг Квангжу шаҳар мери Ли Ёнг Соб билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Н.Хусанов Квангжу шаҳрида 4,6 минг нафар ўзбекистонлик фуқаролар вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориши учун яратилаётган шароитлар ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси айнан ушбу шаҳарда жойлашиб, унга юклатилган вазифаларни муносиб тарзда бажариб боришида кўрсатаётган амалий ёрдами учун Квангжу шаҳар мери Ли Ёнг Собга миннатдорлик билдирди.

Ушбу йўналишлар бўйича амалга оширилиши кутилаётган истиқболли мақсадлар батафсил муҳокама этилиб, келгусида ҳар икки томоннинг ҳаракатлари аниқ белгилаб олинди.

Учрашув якунида Квангжу шаҳри мерига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг махсус ташаккурномаси тантанали равишда топширилди.