Меҳнат қонунчилиги муҳокамасига бағишланган давра суҳбати

13.05.2019

2019 йилнинг 13 май куни Wyndham Tashkent меҳмонхонаси конференциялар залида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Бирлашган миллатлар ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти сингари халқаро ташкилотлар, Ўзбекистондаги вазирлик ва давлат идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, олий таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Муҳокамани Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошлаб берди.    

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини  “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 5635-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Меҳнат кодексининг янги таҳрири ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.

Давра суҳбати давомида экспертлар гуруҳи раҳбари М.Гасанов 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган (1996 йил 1 апрелдан кучга кирган) амалдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан янги таҳрирдаги намунани ўзаро қиёсий таҳлил қилиб, улар ўртасидаги тафовутлар, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича бугунги талаблар асосида киритилган ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтди.

“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон қонун лойиҳаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири маслаҳатчиси Ботир Алимуҳамедов томонидан тақдим этилиб, меъёрий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ёритиб берилди.

Давра суҳбатида, шунингдек, меҳнат муносабатларини тартибга солишда хорижий давлатлар қонунчилиги ҳамда муҳокама этилаётган янги таҳрирдаги қонун ҳужжатлари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, тадбир якунида умумий хулосалар чиқарилди.

Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги ва меҳнат соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий таянч манбаларидан ҳисобланган янги таҳрирдаги мазкур қонун ҳужжатлари орқали Ўзбекистон меҳнат қонунчилигида жиддий ислоҳотлар бўлиши кутилмоқда.

IMG_2428

IMG_2427

IMG_2443

IMG_2437

IMG_2458

IMG_2417

IMG_2422