Тошкент шаҳрида ҳам карантин ва чеклов тадбирлари давомида аҳоли вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилмоқда
COVID-19 пандемияси даврида Тошкент шаҳри бўйича 2 809 нафар ишсиз фуқаро вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Уларнинг 1 минг 400 дан ортиғи ободонлаштириш кўкаламзорлаштириш ишларига жалб этилган бўлса, 27 нафар фуқаро карантинга олинган оила ва хонадонларга ёрдамчи посбон сифатида бириктирилган.
288 нафар фуқаро дезинфекция ишлари билан банд. 207 нафар юртдошимиз эса ҳам савобли, ҳам даромадли иш - якка-ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож аҳолини парваришлаш билан машғул.
835 нафар фуқаро туманларда Ички ишлар ва Миллий гвардия хизматлари томонидан ташкил этилган блок-постларда посбон, 12 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўчма савдо шохобчаларига жалб қилинган.
Яна 72 нафар фуқаро Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, “Ёшлар иттифоқи” билан ҳамкорликда жойларда ташкил этилган “Хайрия марказлари”да ишлаяпти.
Энг муҳими, жамоат ишларига жалб этилганларнинг маоши ҳар беш кунда тўлаб бериляпти.