Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов ахбороти эшитилди

07.08.2020

Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида кун тартибидаги навбатдаги масала – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида 2019 йилда ва 2020 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот эшитилди.

Таъкидланганидек, Сенатнинг ишчи гуруҳи томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қарор ва дастурлар, чора-тадбирлар ижроси ҳолати ўрганилди.

Мамлакат меҳнат бозори таҳлили асосида ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш, янги иш ўринлари ташкил этиш учун давлат буюртмасини ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштириш учун квоталар белгилаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, республикада 2020 йил 1 апрель ҳолатига биноан меҳнат ресурслари сони 19,1 млн. кишини ташкил этиб, бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоизга ошган.

Бундан ташқари, меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш, қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шаҳар ва туманларни обод қилиш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этиш орқали ишга жалб қилиш бўйича муайян чора-тадбирлар олиб борилган.

Хусусан, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг фаолияти 2019 йилда жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизимига ўтказилган ҳамда 773,4 минг жисмоний ва юридик шахсга хизматлар кўрсатилган.

“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, вазирлик томонидан хусусий бандлик агентликларининг реестри шакллантирилган. 2020 йил январь-апрель ойларида 2890 нафардан зиёд ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.

Мажлисда ўрганиш давомида вазирлик фаолияти самарадорлигининг пастлиги ҳамда қатор муаммо ва камчиликлар аниқлангани таъкидланди.

Жумладан, 2019 йилда республика бўйича иш сўраб мурожаат қилган 773 минг нафар фуқаронинг фақат 46 фоизи ишга жойлаштирилган бўлса, 2020 йилнинг 4 ойида мурожаат қилган 273 минг нафар фуқародан 40 фоизининг бандлиги таъминланган, холос.

Хусусий иш берувчиларнинг амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ бюроларга бўш иш ўринлари тўғрисида маълумот тақдим қилиб бориши йўлга қўйилмаган.

Янги иш ўринларини яратишни рағбатлантириш орқали ишсизликни камайтириш йўналишидаги фаолият ҳам қониқарли, деб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги
“2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги қарорида республика бўйича жами 370 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши белгиланган.

Мамлакат меҳнат бозори таҳлили асосида аҳоли бандлигини ташкил этиш, ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштириш учун квоталар белгилаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш каби вазирлик Низомида белгиланган қатор вазифаларнинг ижроси талаб даражасида ташкил этилмаган.

Бундан ташқари, ёшларни, шу жумладан қишлоқ жойларидаги ёшларни, умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмаган.

Яна бир жиҳат. Вазирлик тизимидаги ҳозиргача амалда бўлган ўқув курсларининг шакли ва ўқитиш сифати даражаси бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Масалан, амалда қўллаб келинаётган ўқув тизимининг ҳозирги шакли билан миллионлаб ишсиз аҳолини қамраб олишнинг иложи йўқ.

Шу билан бирга, фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш  йўналишида ҳам бир қатор ечимини кутаётган муаммоларга эътибор қаратилди.

Хусусан, вазирлик томонидан ўз Низомидаги вазифалар, яъни мамлакат фуқароларининг меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва уларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш вазифалари талаб даражасида бажарилмаётганлиги натижасида 2019 йилда ва 2020 йилнинг ўтган даврида умумий меҳнат миграцияси оқимида ташкиллаштирилган миграция улуши ўртача 9 фоизни ташкил этган.

Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.