Низом

Юридик таъминлаш бўлими

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Юридик бўлими тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1.1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2733-сон Қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўгрисида”ги Низомга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Қарорига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Юридик бўлими (кейинги ўринларда - “Бўлим” деб аталади) фаолиятига қўйиладиган талабларни, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.

1.2. Бўлимнинг мақсади вазирлик тизимидаги ҳуқуқий ишларнинг ва юридик хизматлар фаолиятининг тўғри ташкил этилишини таъминлашдир.

1.3. Бўлим вазирликнинг бошқарма ва бўлимлари, республикадаги давлат органларининг юридик бўлимлари ҳамда корхоналар ва ташкилотларда ташкил этилган юридик хизматлар билан ҳамкорликда иш юритади.

1.4.Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2733-сон Қарори ҳамда шу қарор билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги Низомга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг   «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўгрисида» 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Қарорига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарорлари, буйруқлари ҳамда мазкур Низомга амал қилган ҳолда олиб боради.

II. Бўлимнинг асосий вазифалари

Қуйидагилар бўлимнинг асосий вазифаларни ҳисобланади:

2.1 Вазирликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш;

2.2. Вазирлик томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив- ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш;

2.3. Вазирликнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг тузилмалари ишини мувофиқлаштириш

2.4. Вазирлик ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан замонавий ахборот- коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш;

2.5. Шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, вазирликнирнг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш.

2.6. Юридик бўлим фаолиятининг асосий йўналишларини бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

2.6.1. Вазирликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва конунийликни таъминлашни ташкил этиш соҳасида:

-  вазирликда, шунингдек тегишли тузилмаларда қонун бузилишларини, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади, ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

-  вазирлик Девонига такдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади ҳамда улар бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди.

-  жисмоний ва юридик шахсларнинг хуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган вазирликнинг қарорлари юзасидан хулосалар беради;

-  мустақил равишда ёки бошқа тузилмалар билан биргаликда вазирликнинг буйруқлари, фармойишлари, шартномалари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

-  вазирликда, шунингдек тегишли тузилмаларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади, тахдил қилади ва умумлаштиради, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва раҳбариятга киритади;

-  вазирликнинг бошқа тузилмалари билан биргаликда вазирлик, тегишли тузилмалар ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликнинг бузилиши кўрсатилган аризалар, таклифлар ва шикоятларни кўриб чиқишда иштирок этади;

-  вазирликда бошқарув тизимини такомиллаштириш, вазирлик тизимига кирадиган тузилмалар ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

-  вазирликда меҳнат ҳақидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлашда, шу жумладан меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни (меҳнат шартномаси, жамоа шартномаси, жамоа битими ва бошқаларни) ишлаб чиқишда иштирок этади, ушбу ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлигини текширади ва ҳуқуқий хулоса беради;

-  вазирлик Девонига вазирлик фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш аҳволи юзасидан ҳисобот тақдим этади;

-  вазирлик ходимларининг касаба уюшмалари ва бошқа вакиллик органларига ваколатларини амалга оширишда юридик ёрдам кўрсатади;

2.6.2. Вазирлик томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш, шунингдек вазирликнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида унинг тузилмалари ишини мувофиқлаштириш соҳасида:

-  вазирликнинг норма ижодкорлиги фаолиятининг жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади ёки уларнинг ишлаб чиқилишида, амалга оширилиши ва бажарилишини назорат қилишда иштирок этади;

-  вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ёхуд ишлаб чиқишда иштирок этади;

-  вазирликнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқади ёхуд уларни ишлаб чиқишда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва давлат рўйхатига олиш учун юборишда иштирок этади;

-  экспертизадан ўтказиш ёки келишиш учун тақдим этилган норматив- хуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мустақил ёки бошқа тузилмалар билан биргаликда ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, уларнинг қонунчиликка, қонунчилик техникаси қоидаларига, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги, шунингдек уларда коррупцияга сабаб бўладиган омилларнинг мавжуд эмаслиги юзасидан ҳуқуқий хулосалар тайёрлайди;

-  тизимли равишда вазирликнинг тегишли соҳа фаолиятидаги амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг уларда коррупцияга сабаб бўладиган омилларни аниқлашга қаратилган тахдилни ўтказади;

-  вазирлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

-  вазирликка келиб тушган ва ўзи томонидан чиқарилган ҳужжатлар, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритади, уларнинг сақланишини ва назорат ҳолатида бўлишини таъминлайди;

-  вазирликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фондини тўлдириш, шу жумладан фондни кодекслар, қонунлар, шархдар, ахборотномалар ва бошқа хуқуқий нашрлар билан бутлаш чораларини кўради, вазирлик Девонига ҳуқуқий нашрларга обуна бўлиш ҳақида таклифлар киритади;

-  вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатлари тўпламларини нашр этишга тайёрлайди;

-  вазирлик тизимига кирадиган тузилмаларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиради, келишилган ҳамкорликни таъминлайди;

-  вазирлик тизимига кирадиган тузилмаларнинг ҳуқуқий ишларига методик ёрдам кўрсатади, юридик хизмат фаолияти йўналишлари бўйича тавсияномалар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқади;

2.6.3. Вазирлик ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан замонавий ахборот- коммуникация технологиялари орқали етказиш соҳасида:

-  вазирлик марказий Девони учун қонунчилик масалалари бўйича тахдилий материаллар тайёрлайди;

-  вазирлик, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмалар ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш тадбирларини ташкил этиш тўғрисида таклифлар киритади, ушбу тадбирларни ўтказишда иштирок этади;

-  вазирлик фаолиятига тегишли қонунчиликни тарғиб қилиш ишларини амалга оширади;

-  зудлик билан вазирлик ахборот хизматига вазирлик веб-сайтига жойлаштириш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун ва аҳамияти тўғрисида маълумотлар киритади;

-  вазирлик ходимларининг мурожаатлари бўйича уларга вазирлик фаолиятига тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни топишга кўмаклашади, зарур ҳолларда уларнинг қоидалари бўйича тушунтиришлар беради;

-  қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни, суд амалиётини, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ишларга тааллуқли кўрсатмаларини вазирлик тизимига кирадиган тузилмаларга етказади;

2.6.4. Шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, вазирликнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

-  вазирлик, шунингдек фуқаролар билан низолар вужудга келганда, мустақил ёки бошқа таркибий тузилмалар билан биргаликда уларни судгача ҳал этиш чораларини кўради;

-  бошқа тузилмалар билан биргаликда вазирлик томонидан шартномаларни тайёрлаш ва тузиш ишларида иштирок этади;

-  шартномаларни тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади;

-  вазирликнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича талабномалар тайёрлашда ҳамда вазирликка нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқишда иштирок этади, вазирликда талабномалар билдириш ва уларни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

-  тегишли тузилмалар билан биргаликда вазирликнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари аҳволини ўрганади, уларнинг миқдорини камайтириш чораларини кўради;

-  шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан даъво ишларини олиб боради;

-  вазирликнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда ҳамда белгиланган тартибда суд мажлисларида иштирок этади;

-  мулкни сақлаш масалалари бўйича ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар лойиҳаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текширади ва уларни тайёрлашда иштирок этади;

-   бошқа таркибий тузилмалар билан биргаликда вазирликда мулкнинг талон-торож қилиниши, камомад ва ноишлаб чиқариш харажатларининг келиб чиқиши сабаблари ва шароитларини тахдил қилади ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўради, мулкнинг талон-торож қилиниши ва камомад ҳолатлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юбориш учун расмийлаштиради;

-  моддий бойликлар ва пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек қонун бузилишлари ва суиистеъмоллар аниқланган аудиторлик текширувлари ва хатловдан ўтказиш далолатномалари бўйича ҳуқуқий хулосалар беради.

III. Бўлимнинг ҳуқуқлари

Бўлим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

3.1. Вазирликка келиб тушаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танишиш, хизматда фойдаланиш ва уларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш учун биринчи навбатда олиш;

3.2. Вазирлик, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларнинг мансабдор шахсларидан юридик хизматга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиш;

3.3. Раҳбарият томонидан чақириладиган ҳуқуқий масалаларга тегишли йигилишлар, кенгашлар ва мажлисларда иштирок этиш;

3.4. Вазир топшириғига кўра ёки тегишли тузилма раҳбарининг розилиги билан уларнинг ходимларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун, ҳуқуқий ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;

3.5. Қонунчиликка зид бўлган, қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ижрочиларига пухта ишлаш учун қайтариш, ўз эътирозларини асослаган ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ҳуқуқий хулосалар бериш, раҳбарият топшириғига кўра ёки ўз ташаббуси билан бошқа тузилмалар билан биргаликда ушбу лойиҳаларни пухта ишланишида иштирок этиш;

3.6. Вазирлик тизимига кирадиган тузилмаларда вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини ўрганиш;

3.7. Вазирлик, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларнинг қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларини жавобгарликка тортиш ҳақида раҳбариятга таклифлар киритиш;

3.8. Вазирликда, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларда ёки вазирлик томонидан ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан ҳуқуқий хулосалар бериш;

Юридик бўлим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

IV. Бўлимнинг мажбуриятлари

Юридик бўлим қуйидаги мажбуриятларга эга:

4.1. “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан юкланган функцияларни зарур даражада ва самарали бажариши;

4.2. Вазирликда, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганлиги тўгрисида зудлик билан тўгридан-тўгри юқори турувчи органга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши;

Юридик бўлим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

V. Бўлимнинг жавобгарлиги

Юридик бўлим ўзи виза қўйган ҳужжатларнинг ва ўзи берган хулосаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги учун жавоб беради.

5.1. Юридик бўлим ўз мажбуриятлари ва функциялари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.