Вазифалар

Давлат меҳнат инспекцияси

Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этишни ва уларни ҳимоя қилишни, шунингдек, хавфсиз шарт-шароитлар ва меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ташкилотлар томонидан риоя этилишини давлат томонидан назорат қилиш;

республикадаги меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларига чалиниш сабабларини мунтазам таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш;

меҳнат тўғрисидаги битимлар ва локал ҳужжатларнинг, иш берувчиларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги буйруқлари қонун ҳужжатларига мос келишини тизимли таҳлил қилиш;

меҳнат муносабатлари субъектларининг меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлари мониторингини ва ҳимоясини таъминлаш;

иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш сифати бўйича давлат назоратини амалга ошириш;

ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан уларга ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланиш, шунингдек, барча турдаги транспортлардан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланиладиган алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиш учун меҳнат шарт-шароитларини яратиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича давлат назоратини амалга ошириш;

мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва уни тўлиқ бартараф этиш, шу жумладан айбдор мансабдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш орқали бартараф этиш чора-тадбирларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини манфаатдор вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда ташкил этиш;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш ва уларга риоя этиш масалалари бўйича ходимлар ва иш берувчиларга, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига маслаҳат ва услубий ёрдам бериш, ишлаб чиқариш жараёнида жароҳат олиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир профилактика ишларини ўтказиш;

фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини ва меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш зарурлиги тўғрисида юридик ва жисмоний шахслар ўртасида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;

меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлашга доир таклифлар ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш.

Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида юклатилган вазифалар ва давлат назорати предметига мувофиқ Инспекция қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этишни ва уларни ҳимоя қилишни, шунингдек, хавфсиз шарт-шароитлар ва меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ташкилотлар томонидан риоя этилишини давлат томонидан назорат қилиш:

иш берувчилар ва мансабдор шахсларнинг меҳнат қилиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитлари ва ишсизликдан ҳимоя қилишга доир конституциявий ҳуқуқни таъминлаш мақсадида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишини текширади;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан, уларга ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланиш, шунингдек, барча турдаги транспортлардан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланиладиган алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиш учун меҳнат шарт-шароитларини яратиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаслик ҳолатлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг ўтказади ва уларга ўз вақтида таъсир чорасини кўради;

меҳнат тўғрисидаги битимлар ва локал ҳужжатларнинг, иш берувчиларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги буйруқлари қонун ҳужжатларига мос келишини таҳлил қилади;

жамоа шартномаларда ва битимларда назарда тутилган мажбуриятлар бажарилишини назорат қилади;

иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини, қисқартирилган иш вақтини, ноқулай меҳнат шароитларида ишлаганлик учун қўшимча йиллик таътиллар белгилашни давлат томонидан назорат қилади, экспертиза ўтказилишини назорат қилади ва меҳнат шароитлари бўйича экспертиза ўтказади, унинг натижалари бўйича тегишли хулосалар беради;

хотин-қизлар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган ноқулай меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар рўйхатини ҳамда оғир нарсаларни кўтаришда ва ташишда хотин-қизлар учун чекланган юк нормалари тўғри қўлланиши бўйича давлат назоратини амалга оширади;

фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини камерал назоратни ўтказади;

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган ноқулай меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар Рўйхатини ҳамда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар томонидан кўтариладиган ва ташиладиган оғирликнинг чекланган нормалари тўғри қўлланиши бўйича давлат назоратини амалга оширади;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг ягона реестри юритилишини таъминлайди, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги масалалари бўйича уларнинг мутахассисларини ўқитиш ва аттестациядан ўтказишда кўмаклашади;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг фаолияти устидан белгиланган тартибда мониторинг олиб боради ва уларнинг фаолиятини яхшилаш, шу жумладан улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари, ишлаб чиқариш муҳитини назорат қилиш ускуналари билан тўғри таъминланганини, шунингдек, ноқулай ва алоҳида тусга эга бўлган шароитларда ишлаганлик учун ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар тақдим этилишини назорат қилади ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;

ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш бўйича иш берувчилар томонидан тўловлар амалга оширилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади;

ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза қилишга доир ишларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос келишини манфаатдор органлар билан ҳамкорликда сертификатлашни амалга оширади ва ўтказади;

меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратига мувофиқ қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва бузилган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўради;

2) республикада меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини, ишлаб чиқариш жараёнида жароҳатланиш ва касб-касалликларига чалиниш сабабларини мунтазам таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш:

ишлаб чиқариш жараёнида жароҳат олиш ва касб касалликларига чалиниш ҳақида ахборот тўплайди ва бунинг сабабларини таҳлил қилади, уларни бартараф этиш йўллари ишлаб чиқилишини таъминлайди;

ишлаб чиқариш жараёнидаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимларнинг соғлиғига улар меҳнат мажбуриятларини бажариши вақтида етказилган зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширади;

ишлаб чиқариш жараёнидаги бахтсиз ҳодисалар сабабларини таҳлил қилади ва уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

меҳнат ва меҳнат хавфсизлиги соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўради.

3) меҳнат тўғрисидаги битимлар ва локал ҳужжатларнинг, иш берувчиларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги буйруқлари қонун ҳужжатларига мос келишини тизимли таҳлил қилиш соҳасида:

меҳнат тўғрисидаги битимлар ва локал ҳужжатларнинг, иш берувчиларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги буйруқлари қонун ҳужжатларига мос келишини таҳлил қилади;

меҳнат тўғрисидаги битимлар ва локал ҳужжатларнинг асосий принциплари, иш берувчиларнинг меҳнат муносабатлари масалаларига доир буйруқлари қонун ҳужжатларига мос келишига риоя этилишини назорат қилади;

томонлар имзолаган тармоқ келишувларни, унинг иловаларини белгиланган тартибда билдириш рўйхатидан ўтказади;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги битимлар ва локал ҳужжатларнинг, иш берувчиларнинг меҳнат муносабатлари масалаларига доир буйруқлари қонун ҳужжатларига мос келмаслиги аниқланганда хулосалар беради;

4) меҳнат муносабатлари субъектларининг меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлари мониторингини ва ҳимоясини таъминлаш соҳасида:

меҳнат муносабатлари субъектлари, шу жумладан касаначилик шартлари асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимлар ҳамда шахсий томорқа, деҳқон ва фермер хўжаликларида банд бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайди;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан уларга барҳам бериш ва уларнинг юзага келишига кўмаклашадиган шарт-шароитларни бартараф этиш учун ҳуқуқий тартибга солиш чораларини кўради;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида касаба уюшмаларига ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларига берилган ҳуқуқларни амалга оширишда кўмаклашади, шунингдек, уларга иш берувчилар риоя этишини назорат қилади;

ўтказилган текширувлар натижаларига кўра, меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ва ходимларнинг соғлиғи ёки ҳаётига хавф соладиган ташкилотлар (унинг айрим бўлинмалари) фаолиятини ёки ишлаб чиқариш воситаларидан фойдаланишни улар меҳнат хавфсизлиги талабларига мувофиқлаштирилганига қадар 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб туради;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратига мувофиқ қонун ҳужжатлари бузилишига доир жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини, зарур бўлса, жойнинг ўзига бориб кўриб чиқади;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига доир даъволар, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида ходимлар ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш масалалари юзасидан судда экспертлар сифатида иштирок этади;

5) иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш сифати бўйича давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

меҳнат шароитлари бўйича экспертиза ўтказилишини назорат қилади ва уларнинг натижалари бўйича хулосалар беради;

иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказади, шунингдек уларнинг мутахассисларини меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқитади ва аттестациядан ўтказади;

6) ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан уларга ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланиш, шунингдек, барча турдаги транспортлардан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланиладиган алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиш учун меҳнат шарт-шароитларини яратиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини давлат томонидан назорат қилиш соҳасида:

ташкилотларнинг ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишини ўз ваколатлари доирасида текширади;

ташкилотларнинг ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланиш, шунингдек, барча турдаги транспортлардан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланиладиган алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиш учун меҳнат шарт-шароитларини яратиши бўйича зарур чора-тадбирлар кўради;

ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланиш, шунингдек барча турдаги транспортлардан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланиладиган алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиш учун меҳнат шарт-шароитларини яратиш масалалари юзасидан оммавий ахборот воситаларида ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этади ва ўтказади;

ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва тасдиқлашда иштирок этади;

7) мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва уни тўлиқ бартараф этиш, шу жумладан айбдор мансабдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш орқали бартараф этиш чора-тадбирларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини манфаатдор вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда ташкил этиш соҳасида:

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва уни бутунлай бартараф этиш, шу жумладан айбдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш орқали бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этади;

бирор-бир шаклда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш орқали ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари нормалари ижросини назорат қилади;

ходимларнинг муайян тоифалари (хотин-қизлар, вояга етмаганлар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари талабалари, ногиронлиги бўлган шахслар, Қуролли Кучлар сафидан бўшатилган шахслар) учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнат ҳуқуқлари ҳамда кафолатларига риоя этилишини назорат қилади;

мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ва камситиш юзасидан аниқланган ҳар бир ҳолат бўйича ҳуқуқий тартибга солиш чораларини кўради ҳамда қонунбузарлик ҳолатлари тўғрисида давлат ҳокимиятининг тегишли органларини хабардор қилади;

8) меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш ва уларга риоя этиш масалалари бўйича ходимлар ва иш берувчиларга, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига маслаҳат ва услубий ёрдам бериш, ишлаб чиқариш жараёнида жароҳат олиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир профилактика ишларини ўтказиш:

Инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан амалий, консультатив ва услубий ёрдам кўрсатиш учун ишонч телефонлари жорий этилишини ва ишлаб туришини таъминлайди;

ишонч телефон рақамларига келиб тушган муаммоли масалалар юзасидан статистик ҳисобот юритади, уларни таҳлил қилади ҳамда муаммоли ва салбий омилларни бартараф этиш юзасидан, шу жумладан инспекторлар фаолияти бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

9) фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини ва меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш зарурлиги тўғрисида юридик ва жисмоний шахслар ўртасида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш соҳасида:

вазирликнинг расмий сайтида мавзуга доир саҳифалар юритилишини таъминлайди, электрон буклетлар ва методик ахборот, шу жумладан мажбурий меҳнатга ва меҳнат муносабатлари соҳасидаги камситишларга йўл қўймаслик ва унга тўлиқ чек қўйиш бўйича кўргазмали ахборот жойлаштиради, ишлаб чиқариш жараёнида жароҳат олиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир профилактика ишларини ўтказади;

хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, ташкилотлар ва аҳоли учун тренинглар ҳамда давра суҳбатлари ўтказади;

меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар ва меҳнат тўғрисидаги, меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан, уларга ижтимоий инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланиш ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари юзасидан оммавий ахборот воситаларида ва аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишлари ўтказади;

10) меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлашга доир таклифлар ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш соҳасида:

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган текширувлар ва мониторинг материалларини таҳлил қилади ҳамда умумлаштиради;

ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича аниқланган муаммоли жиҳатлар ва уларни бартараф этиш тўғрисида тегишли ахборот тайёрлайди ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига тақдим этади;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлигига доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя этилишини ва ҳимоясини, уларнинг ишлаш жараёнида меҳнат шарт-шароитларини ва хавфсизлигини таъминлашга доир меҳнат ҳуқуқи нормаларини ўз ичига олган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилади, зарур бўлганда, қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан таклифлар киритади;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

меҳнатни муҳофаза қилишга доир давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқишда иштирок этади;

Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш бўйича халқаро ташкилотлар, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик қилади.

Инспекция қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.