Низом

Фарғона вилояти Бандлик бош бошқармаси

Фарғона вилояти Бандлик бош бошқармаси тўғрисида
НИЗОМ

 I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли, “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармонлари ва “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001–сон қарори, “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда меҳнатини муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 20 августдаги ПҚ-3913-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сон қарори асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Фарғона вилояти Бандлик бош бошқармаси (кейинги ўринларда – Бош бошқарма деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.

2. Бош бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буйруқлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, Фарғона вилояти ҳокимлигининг фармойиши, қарорлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

3. Бош бошқарма Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг (кейинги ўринларда – Вазирлик деб аталади) ташкилий тизими бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳамда тегишлилиги бўйича Фарғона вилояти ҳокимлигига бўйсунади ва ҳисобот беради.

4. Бош бошқарма тизимига қуйидагилар киради:

Бош бошқарма аппарати;

туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари;

ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ҳудудий марказлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари киритилиши мумкин.

5. Бош бошқарма ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат бошқарувининг бошқа органлари ҳудудий тузилмалари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

6. Бош бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлади.

II. Бош бошқарманинг вазифалари ва функциялари

7. Қуйидагилар Бош бошқарманинг вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;

Фарғона вилояти ҳокими, туман (шаҳар) ҳокимлари, ҳудудий прокуратура, ички ишлар органлари ва давлат солиқ хизмати раҳбарлари томонидан раҳбарлик қилинадиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари (кейинги ўринларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари деб аталади) билан ҳамкорликни амалга ошириш;

аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасидаги ва бош бошқарма ваколатига кирадиган бошқа масалаларга доир қонун ҳужжатларига, норматив ҳужжатларга риоя этиш юзасидан мониторинг ва назорат олиб бориш;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш хизматлари учун давлат буюртмасини шакллантириш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда таҳлил қилиш;

коворкинг-марказлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш молиялаштирилишини ташкил қилиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда молия назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш.

8. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Фарғона вилояти бандлик бош бошқармаси фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди ҳамда унга раҳбарлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги буйруқларининг, Фарғона вилояти ҳокимлиги қарор ва фармойишларининг ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан бажарилишини тизимли назорат қилади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишини ташкил этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилади, уларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш юзасидан фаолият олиб борувчи юридик шахслар билан ҳамкорлик қилади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларда молиявий назоратни ташкил этади ва амалга оширади;

аҳолини иш билан таъминлаш ҳудудий дастурлари бажарилиши мониторингини олиб бориш, банд бўлмаган аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, идора бўйсунувидаги ташкилотлар хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради;

ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малакани баҳолаш хизматларига бўлган давлат буюртмасини шакллантириш, молиялаштириш ва амалга ошириш, кейинчалик тегишли равишда хусусий бандлик агентликлари, ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказлари ҳамда малакани баҳолаш марказларига ҳақ тўлаш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради;

коворкинг-марказларни ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари таклифларини умумлаштиради, шунингдек уларни сақлаб туришнинг молиялаштирилишини ташкил этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини ташкил этади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идора бўйсунувидаги ташкилотлар бинолари ва иншоотларидан жорий фойдаланиш бўйича ишлар мониторингини ўтказади ва мувофиқлаштиради;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишларни ташкил этади;

оператив, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш ва ўз ваколатига кирадиган бошқа масалалар юзасидан қарор (буйруқ)лар қабул қилади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.

Бош бошқарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бевосита ўзи томонидан, шунингдек ҳудудий аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва бошқа идоравий мансуб ташкилотлар орқали бажарилишини таъминлайди.

III. Бош бошқарманинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

9. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Бош бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек бошқа ҳужжатларни Фарғона вилояти ҳокимлигига белгиланган тартибда киритиш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

Бош бошқарма ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда ахборот сўраш ва олиш;

давлат статистика органларидан Бош бошқарма ваколатига кирадиган масалаларга доир зарур статистик ахборотни бепул олиш;

ташкилотларда меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат шароитлари ва стандартлари масалалари бўйича қонунчиликка, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар қоидалари ва талабларига риоя этилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрганиш ва текширишлар ўтказиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимларни ҳамда фуқаро-ҳуқуқий шартномалар асосида иш бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларни меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ равишда уларнинг соғлиғига етказилган зарар юзасидан белгиланган тартибда махсус текширишларни ўтказиш ва текширишларда қатнашиш;

меҳнат, бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузганлик учун мансабдор шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жазолар бериш;

меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдирадиган ташкилотлар фаолиятини ёки корхоналар маблағларидан фойдаланишни ўз ваколатлари доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиш;

Бош бошқарма ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар давлат мулкини бир бўлинмадан бошқа бўлинмага бепул фойдаланиш ҳуқуқлари асосида ўз ташкилий тузилмаси доирасида белгиланган тартибда ўтказиш;

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этиш ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш юзасидан назоратни таъминлаш ишларини ташкил этиш;

Бош бошқарма ва унинг идора бўйсунувидаги тузилмалари давлат мол-мулкини беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида бир бўлинмадан бошқа бўлинмага, ўз ташкилий тузилмаси доирасида балансдан балансга белгиланган тартибда ўтказиш, штат жадвалларини мувофиқлаштириш, идора бўйсунувидаги ташкилотлар молия-хўжалик фаолияти баланслари ва ҳисоботларини кўриб чиқиш;

идора бўйсунувидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш;

идора бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан марказлашган капитал маблағлардан самарали фойдаланиш юзасидан назоратни таъминлаш, Бош бошқарма тизимидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

идора бўйсунувидаги хўжалик ташкилотлари тузилмасини, штатлар сонини, шу жумладан бошқарув ходимларини, меҳнатга ҳақ тўлаш фондини, харажатлар сметасини, автотранспорт воситалари лимитини белгилаш;

Бош бошқарма, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва идоравий ташкилотлар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича улар томонидан параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби, ҳажми ва шартларини белгилаш;

биноларга хизмат кўрсатиш, инвентарь ва хўжалик асбобларини, автотранспортни, алоқа воситаларини, ҳисоблаш, компьютер ва офис техникасини таъминлаб туриш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот харид қилиш, шу жумладан аутсорсинг шартлари асосида харид қилиш бўйича ишларни бажариш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг идора бўйсунувидаги ташкилотларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш, шу жумладан: «Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази» идора бўйсунувидаги давлат муассасасида илмий ишлар бажариш, Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича тадқиқотлар ва сўровлар ўтказиш; «Mehnat.uz» ахборот-компьютер маркази» МЧЖда ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш; Фарғона шаҳрида ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш марказида, «Ишга марҳамат» банд бўлмаган аҳолига хизматлар кўрсатиш мономаркази» МЧЖда ҳамда ишсиз фуқаролар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказларида ўқитиш, малака ошириш ва қайта ўқитиш; малака ошириш марказларида малакани баҳолаш; Республика меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш курсларида меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш; Республика меҳнат органлари тизими ходимлари малакасини ошириш курсларида меҳнат органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

иш берувчилар ўртасида ижтимоий жавобгарликни оширишга ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини ишга жойлаштириш бўйича самарали фаолиятни кенгайтиришга рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган танловларни белгиланган тартибда ўтказиш;

меҳнат, бандлик, ишга жойлаштириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ижтимоий реклама маҳсулотларини буюртириш, шунингдек уларни давлат оммавий ахборот воситаларида, стендларда, баннерларда ва аҳоли кенг танишиши мумкин бўлган бошқа усулларда бепул жойлаштириш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида белгиланган тартибда кўрсатмалар киритиш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда белгиланган тартибда расмий веб-сайтлар яратиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат солиқ хизмати органларининг ёзма мурожаатлари асосида махсус ваколатли органлар билан дастлабки келишувсиз ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар ташкилотларнинг бандлик, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишини режадан ташқари қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;

коррупция ва бошқа суиистеъмолликларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва ишчанлик хусусиятларини, унинг фаолияти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, шунингдек малакага ва Инспекция фаолиятининг турли йўналишларида ишлаш тажрибасига эга кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ходимлар ротациясини амалга ошириш;

кам фойдаланилаётган ёки реконструкция ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қилувчи мавжуд бинолар, хоналарни ижарага бериш;

меҳнат органлари рейтингини тузиш мақсадида улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мезонларини тасдиқлаш;

ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;

Бош бошқарма ваколатига кирадиган масалалар юзасидан услубий материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бажариш бўйича Бош бошқарма ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш;

Бош бошқарма ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида кенгашлар ўтказиш;

Бош бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган ҳамда тезкор ҳал этишни талаб қиладиган масалалар юзасидан Бош бошқарма ҳудудий бўлинмалари ва унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

Бош бошқармага юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалаларга бағишланган конференция, форум, семинар ва тренинглар ўтказиш, шу жумладан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига ўтказиш;

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

10. Бош бошқарма Вазирлик билан келишган ҳолда давлат бошқаруви органлари билан биргаликда белгиланган тартибда қўшма буйруқ ва бошқа ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқига эга.

11. Бош бошқарма ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

IV. Бош бошқарма раҳбарларининг жавобгарлиги

12. Бандлик Бош бошқарма бошлиғи Бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

13. Бош бошқарма бошлиғи ўринбосарлари:

Бандлик бош бошқармаси назоратидаги таркибий бўлинмаларда Бошқармада юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

14. Марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун;

ўз функционал мажбуриятлари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

15. Бош бошқарманинг туманлар (шаҳарлар)даги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари:

бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

V. Бош бошқарманинг фаолиятини ташкил этиш

16. Бош бошқармани қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Фарғона вилояти ҳокими билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Бош бошқарма бошлиғи бошқаради.

Бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, Бошқарма бошлиғи ўринбосари – ишга жойлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи вилоят ҳокимлиги билан келишган ҳолда бошқарма бошлиғи тавсияномаси асосида вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Олий юридик ёки иқтисодий маълумотга эга бўлган шахслар, шунингдек олий маълумотли иқтисодий-ижтимоий соҳада камида 5 йиллик иш стажи бўлган шахслар Бош бошқарма бошлиғи ёки унинг ўринбосарлари лавозимида ишлашлари мумкин.

17. Бош бошқарма бошлиғи:

Бош бошқарма фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун жавоб беради;

Бош бошқарма бошлиғи ўринбосарларининг, бошқарма аппарати ходимларининг, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва бош бошқарма тасарруфига кирувчи ташкилотларнинг мансабдор шахслари ваколатларини ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради ва бош бошқарма тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

Бош бошқарманинг харажатлари сметасини ва штатлар жадвалини ходимларнинг белгиланган сони доирасида тасдиқлайди, бош бошқарманинг бюджетидан молиялаштириладиган харажатлари ва даромадлари сметасини, штатлар жадвалларини ҳисобга олади;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

18. Қуйидагилар:

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш – тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда Бош бошқарма бошлиғи томонидан;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорлари ўринбосарлари – ишга жойлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш – тегишли туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказлари директорлари тавсияномаси асосида Бош бошқарма бошлиғи томонидан;

Бош бошқарма инспекция, бўлим (шўъба) бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш – вазирлик билан келишган ҳолда Бош бошқарма бошлиғи томонидан амалга оширилади.

19. Бош бошқарма инспекция, бўлим (шўъба) бошлиқларини, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари директорларини лавозимга тайинлаш ва озод қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартибдаги жараёни якунига етгунга қадар кўрсатиб ўтилган таркибий бўлинмалар фаолиятини таъминлаш мақсадида Бош бошқарма бошлиғи таркибий бўлинма раҳбарининг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлайди.

20. Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги низомлар тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимлари билан келишган ҳолда тегишли равишда Бош бошқарманинг буйруқлари билан тасдиқланади.

21. Бош бошқарма ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш меҳнат органлари тизими ходимларининг Республика курсларида шартнома асосида амалга оширади.

22. Олий юридик маълумотга эга Давлат меҳнат Инспекциясининг Давлат меҳнат инспекторлари давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларига тенглаштирилади, уларга адлия органлари ходимларига бериладиган мансаб даражалари татбиқ этилади.

23. Бош бошқармада 5 кишидан иборат – Бош бошқарма бошлиғи (Кенгаш раиси), унинг ўринбосарлари, шунингдек Бош бошқарма марказий таркибий бўлимлари раҳбар ходимларидан иборат таркибда, ўз фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ Кенгаш ташкил этилади.

Кенгашнинг шахсий таркиби вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда вазирлик томонидан тасдиқланади.

Кенгаш қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда Бош бошқарма фаолиятининг қонунчиликда белгиланган асосий йўналишларини танқидий кўриб чиқиш;

меҳнат ва бандликни таъминлаш борасида қонунчиликда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида ва Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича Бош бошқарма ва унинг тузилмавий бўлинмалари ходимларининг шахсий масъулиятини оширишга доир аниқ чоралар кўрган ҳолда, қуйи ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб боришни ташкил қилиш;

аҳолини иш билан таъминлашнинг ҳудудий дастурлари ҳамда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича бешта устувор йўналишларининг – меҳнат бозорини тартибга солиш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш қисмида назарда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилишини кўриб бориш.

ижро интизоми даражасини ошириш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналаридан тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари бажарилиши юзасидан самарали назоратни таъминлаш, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги энг зарур муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

Бош бошқарма номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жойлаштириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларини кўриб чиқиш.

Кенгаш Бош бошқарма ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Кенгаш мажлисларига Бош бошқарма ваколатига кирадиган масалалар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Кенгаш унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Кенгаш қарорлари Бош бошқарма бошлиғининг буйруқлари билан амалга оширилади. Бош бошқарма бошлиғи ва кенгаш аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Бош бошқарма бошлиғи пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида вазирликка ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Кенгаш аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига хабар қилишлари мумкин.

Кенгаш фаолияти тартиби унинг кенгаш тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

VI. Бош бошқарма ходимларини моддий рағбатлантириш

24. Бош бошқарма ходимларини рағбатлантириш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

25. Бош бошқарма ва тегишлилиги бўйича унинг тизимидаги муассасалар ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.

Белгиланган тартибда ажратиладиган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобига шакллантириладиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди маблағлари, шунингдек, меҳнат органлари ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағлари иш хақи тўлаш ва ходимларни моддий рағбатлантириш манбаи ҳисобланади.        

26. Бош бошқарма бошлиғи бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ўз фаолиятида самарадорликнинг энг юқори кўрсаткичларини таъминлаётган ходимларига уларнинг лавозим маошининг бир баравари миқдорида шахсий устамалар белгилашга ҳақли. Шахсий устамалар миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлашга оид Ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентлари билан бир қаторда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан шахсий устамалар, шунингдек бюджетдан молиялаштириладиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат хизматчилари лавозим маошларига 40 фоизлик қўшимча (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) лавозим маоши ҳисоб-китобига киритилади.

27. Бош бошқарма ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан давлат бошқаруви органларида кўп йиллик меҳнати учун қуйидаги ҳажмларда (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига белгиланган коэффициентларда) ҳар ойда мукофот пули тўланади: 3 йилдан 5 йилгача — 0,1; 5 йилдан 10 йилгача — 0,2; 10 йилдан 15 йилгача — 0,3; 15 йилдан юқори — 0,4.