Низом

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 18 мартдаги 206-сон қарорида назарда тутилган ҳолатлар ва қоидаларга татбиқ этилмайди.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансига, банк ҳисобрақамига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисобрақамга, рамзига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган штамплари, бланклари ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига ва бошқа реквизитларга эга.

3. Жамғарма хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя қилади ва уларга моддий ёрдам кўрсатади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби

4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган беғараз молиявий ёрдам;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузилган лицензия битими доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга юборувчи ташкилотларнинг эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини захиралаш, бунда захираланган сумма сарфлаб юборилган тақдирда маблағларни тўлдириш, шунингдек, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқи учун лицензиянинг амал қилиши тугатилган ва бекор қилинган тақдирда, маблағларни қайтариш шарти белгилаб қўйилади;

Жамғарманинг тижорат банклари депозитларидаги вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахслар, хайрия жамғармалари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ихтиёрий хайрия маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма ҳисобрақамларига тушади, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг тартиб-таомилларида ёки хорижий грантларни тақдим этиш шартларида бошқа тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби

6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги харажатларни молиялаштириш учун фойдаланилади:

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонликка, мажбурий меҳнатга ва таҳқирланишга дучор бўлган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларисиз, маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларга моддий ёрдам кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган вақтда жароҳат олиши, бахтсиз ҳодисага учраши, оғир касалликка чалиниши туфайли тиббий ёрдам талаб этилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига меҳнат мигранти маблағлари ёки тиббий суғурта ҳисобидан кўрсатилган тиббий хизматлар қийматини тўлаш имкони бўлмаганда тиббий хизмат кўрсатиш;

меҳнат миграциясида бўлган вақтда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадларини, шунингдек, хорижда меҳнат фаолияти вақтида майиб бўлган ёки оғир жароҳат олган фуқароларни олиб келиш;

аввал уюшган ҳолда танлаш доирасида хорижга ишга юборилган ва борган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиши натижасида чиқариб юборилган (депортация қилинган) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш, кейинчалик тўланган маблағларни мазкур шахслар ҳисобидан қоплаш, шунингдек, хорижий иш берувчилар томонидан ишга жойлаштириш бўйича келишилган шароитлар билан таъминланмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш;

меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетиш олдидан мослаштириш, касбга тайёрлаш, уларга чет тилларни ўқитиш ва чет тилларни билишини имтиҳон қилиш, уларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини республика ҳудудларида ташкил этиш ва жиҳозлаш;

фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштиришни кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш масалаларига доир ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш;

хорижда Агентлик ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иш билан таъминланишининг улар ишга жойлашган жойларга бориш орқали мониторингини юритиш.

7. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган харажатлар учун Жамғарма маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг Маблағлар сарфини ташкил этиш схемасига мувофиқ ушбу Низомга иловага биноан тасдиқланган йўналишларга асосан фойдаланилади.

Ушбу Низом 6-бандининг иккинчи — бешинчи хатбошларида кўрсатилган харажатларни тез ва шошилинч молиялаштириш зарурати юзага келса, Агентлик ваколатхонаси ва Агентлик харажатларни белгиланган лимит доирасида мустақил молиялаштириш ваколатига эга. Шошилинч харажатларни молиялаштириш учун Агентлик ваколатхонасига Агентликнинг ҳар бир ваколатхонаси учун белгиланадиган умумий лимит доирасида корпоратив банк картаси очилади.

Агентлик ваколатхонаси Жамғарма маблағларидан ушбу Низомнинг 6-банди иккинчи — бешинчи хатбошиларида кўрсатилган йўналишларда фойдаланишда Агентлик ҳамда Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси билан келишган ҳолда, борадиган мамлакатнинг қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган ихтисослаштирилган ташкилотларни, Агентлик ваколатхоналарини, шу жумладан маросим хизматларини кўрсатувчи агентликлар, транспорт ва логистика компаниялари, тиббиёт муассасалари, суғурта компаниялари, юридик хизмат кўрсатадиган ташкилотлар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотларни Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг юқорида қайд этилган йўналишлари бўйича хизмат кўрсатиш учун шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқига эга.

Агентлик тасдиқланган ҳужжатлар асосида ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган харажатларни қоплаш мақсадида Жамғарма маблағларини олиш учун талабнома расмийлаштиради ва уни Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясига юборади.

Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси Агентликнинг тақдим этилган талабномалари бўйича харажатларни мақсадли траншлар билан молиялаштиради.

8. Жамғарма маблағларидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини юборган ташкилотлар (кейинги ўринларда Юборувчи ташкилот деб аталади) айби билан юзага келган ва ушбу Низомнинг 6-банди иккинчи — бешинчи хатбошиларида кўрсатилган харажатлар учун фойдаланилса, Жамғарманинг фойдаланилган маблағлари Юборувчи ташкилотларнинг Жамғармада захираланган маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим.

Жамғарма харажатларини Юборувчи ташкилотларнинг захираланган маблағлари ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги қарор Ижро этувчи дирекция тақдимномасига биноан Жамғарма Кенгаши томонидан қабул қилинади.

Юборувчи ташкилот захираланган суммадан фойдаланилган маблағларни бир ҳафта муддатда қоплаши шарт.

9. Жамғарма Ижро этувчи дирекциясини сақлаш, шу жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, асосий воситалар, инвентарь харид қилишга сарфланадиган харажатлар, хоналарни, алоқа воситалари ва ахборот-коммуникация ускуналарини сақлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, хўжалик харажатлари ва бошқа харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

10. Келгуси йил учун харажатларнинг ойма-ой бўлиб чиқилган прогноз сметаси Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

11. Жорий йилда Жамғарманинг фойдаланилмаган маблағлари қолдиқлари кейинги молия йилига ўтади ва кейинги йилга мўлжалланган харажатлар сметасини тузишда ҳисобга олинади.

4-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва маблағларини бошқариш

12. Жамғарманинг Кузатув кенгаши (кейинги ўринларда Жамғарма Кенгаши деб аталади) Жамғарма олий бошқарув органи ҳисобланади.

Жамғарма Кенгаши:

Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини, Жамғарма даромадлари ва харажатлари балансининг прогноз параметрларини ҳар йили кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар ҳажмларининг фоиз нисбатини белгилайди;

Жамғарма маблағларининг даромадлар ва харажатлар сметаларини тасдиқлайди, зарур ҳолларда тасдиқланган сметаларга тегишли ўзгартиришлар киритади, даромадларни шакллантириш ва маблағларнинг мақсадли тақсимланишини таъминлаш юзасидан Жамғарма фаолиятини назорат қилади;

Жамғарма фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни мунтазам равишда эшитади ва тасдиқлайди;

Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш ва мониторинги самарадорлигини ошириш, Жамғарма маблағларини молиялаштиришни ташкил этиш ва мақбуллаштириш механизмларини яхшилаш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бошқа функцияларни бажаради.

Жамғарма Кенгашининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади

13. Жамғарма маблағлари Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси томонидан бошқарилади.

14. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекция:

Жамғарма Кенгашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбариятига тасдиқлаш учун Жамғарма даромадлари ва харажатлари бўйича ойма-ой ҳисобот киритади;

юборувчи ташкилотларнинг суғурта депозити шаклидаги пул маблағларини қабул қилади ҳамда улар бўйича ҳисоб ва ҳисобот юритади;

ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган вазифалар молиялаштирилишини таъминлайди;

аҳолини ва юборувчи ташкилотларни ташқи меҳнат миграцияси масалалари юзасидан ахборот билан таъминлаш бўйича чоралар кўради;

ташқи меҳнат миграцияси жараёнларида фуқаролар иштирокини ҳисобга олиш бўйича ахборот-компьютер тизимларини ишлаб чиқишда иштирок этади.

Ижро этувчи дирекция Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларига, шунингдек, Жамғарма Кенгаши қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

15. Ижро этувчи дирекция ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун:

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларида назарда тутилган харажатларни молиялаштириш;

юборувчи ташкилот айби билан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилган ҳолларда юзага келган оқибатларни бартараф этиш учун юборувчи ташкилотнинг Жамғармада захираланган суғурта депозити маблағларидан акцептсиз фойдаланиш ва бу ҳақида акцептсиз фойдаланишдан кейин бир иш кунидан кечикмасдан юборувчи ташкилотни хабардор қилади;

зарурат бўлса, шакллантирилган устав капитали ва захира маблағларини Жамғарманинг махсус ҳисобрақамига ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни (маълумотномаларни) юборувчи ташкилотлардан сўраш ва олиш;

Жамғарма фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш, ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан услубий хулосаларни ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга.

16. Ижро этувчи дирекцияга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Ижро этувчи директор раҳбарлик қилади.

17. Ижро этувчи директор:

Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Ижро этувчи дирекция ходимларини ишга қабул қилади ва улар билан меҳнат шартномаларини бекор қилади, уларнинг лавозим мажбуриятлари ва ваколатларини тақсимлайди;

ваколатлари доирасида юридик шахслар билан шартномалар тузади;

Жамғарма пул маблағлари ва моддий қимматликларининг бухгалтерия ҳисоби юритилишини, молиявий ва статистика ҳисоботи белгиланган тартибда тузилишини ва тақдим этилишини ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ва ваколатларни амалга оширади.

18. Ижро этувчи дирекция Жамғарма Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот беради.

5-боб. Жамғарма маблағларини ҳисобга олиш, улар бўйича ҳисобот тузиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш

19. Маблағларни шакллантириш ва уларнинг Жамғармага тушишини прогноз қилиш бўйича ҳисобни юритиш ва ҳисобот тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ижро этувчи дирекция томонидан амалга оширилади.

20. Ижро этувчи дирекция Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни (электрон ва қоғоз шаклида), Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакллар бўйича харажатлар сметаси параметрларини бажариш кўрсаткичларини Жамғарма Кенгашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасидан кечикмай ҳар ойда тақдим этади.

21. Жамғармага маблағлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши Ижро этувчи дирекция томонидан назорат қилинади.

22. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш Жамғарма Кенгашига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юкланади.

23. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Ижро этувчи дирекцияга юкланади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

24. Жамғарма фаолияти доирасида, шу жумладан Жамғарма маблағларидан фойдаланишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

25. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

26. Жамғарма қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.