“Замонавий шароитларда меҳнатни ташкил этиш ва нормаллаштириш: теория ва амалиёт” мавзусида икки кунлик халқаро конференсия бошланди

08.11.2021
Бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “Замонавий шароитларда меҳнатни ташкил этиш ва нормалаштириш: теория ва амалиёт” мавзусида халқаро конференсия ўтказилди.
 
Тадбирда вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедев, Беларус Республикаси Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирининг биринчи ўринбосари Наталия Павлюченко, Озарбайжон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Анар Керимов, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Москва шаҳридаги бюроси директори ўринбосари Михаил Пушкин иштирок этди.

Шундан сўнг, МДҲ минтақаси меҳнат вазирликлари экспертлари томонидан соҳага доир амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Бунда, меҳнатни нормалаштириш барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ва сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Мазкур соҳаларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида МДҲ иштирокчи-давлатларида меҳнат стандартларини ташкил этиш ва белгилаш, меҳнат хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш, шунингдек, меҳнат унумдорлигини ошириш тизими, методологияси ва механизмини ишлаб чиқишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро конференсия икки кун бўлиб, 9-ноябрда тадбир якунлари бўйича махсус Резолюция имзоланиши режалаштирилган. Мазкур Резолюцияда меҳнатни ташкил этиш ва нормалаштириш тизмини, методологияси ва механизмларини янада такомиллаштириш бўйича ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, бунда, меҳнатни нормалаштириш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.