Юристкадр телеграм эълон қилинган каналида “Янги Меҳнат кодекси роса тагига оляптида лекин.” мазмунидаги хабар юзасидан:

22.08.2022

Юристкадр телеграм эълон қилинган каналида “Янги Меҳнат кодекси роса тагига оляптида лекин.” мазмунидаги хабар юзасидан:

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддасига мувофиқ, Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатлиги ва Давлат фуқаролик хизматчиларининг ушбу Қонун билан тартибга солинмаган меҳнатга оид муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси билан тартибга солиниши белгиланган. Ушбу норма давлат хизматчилари учун бошқа тоифадаги ишчилардан фарқ қиладиган меҳнат муносабатлари шартларини белгилаш имкониятини назарда тутади. Масалан: “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 46 ва 47-моддаларига мувофиқ, амалдаги Меҳнат кодексига нисбатан қўшимча интизомий жазо чоралари (малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш) назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасидан келиб чиқиб, амалдаги Меҳнат кодексининг 181 ва 182-моддалари ҳамда янги Меҳнат кодексининг 312 ва 313-моддалари давлат хизматчисига нисбатан қўлланилмайди. Худди шундай, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 50-моддасида Давлат фуқаролик хизматчиси билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча шартлари, яъни давлат фуқаролик хизматининг нафақат давлат хизмати тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилиши, шунингдек, қўшимча сабабларга кўра амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддасида ва янги Меҳнат кодексининг 161-моддасида назарда тутилган асослар бўйича тугатилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга қайд этиш керакки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 11-моддасида (“Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиш соҳаси”), “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонундаги сингари норма мавжуд бўлиб, бу ҳуқуқий низолар келиб чиқишининг олдини олади. Унга кўра, меҳнат қонунчилиги давлат фуқаролик хизматчиларига давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлмаган ҳолда қўлланилади. Шунингдек, қайд этиш керакки “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун меҳнат ҳуқуқи элементлари мавжуд бўлган Маъмурий ҳуқуқ тоифасига киради, шунинг учун Қонун ва Меҳнат кодексининг “пакет” принципи асосида қабул қилиниши зарурияти мавжуд эмас.