Янгиқўрғон туманидаги ҳолат юзасидан расмий муносабат

08.07.2021

Ижтимоий тармоқда “Президентимиз мажбурий меҳнатни тақиқлаган бир пайтда, Наманган вилояти Янгиқўрғон туман ҳокимининг оғзаки топшириғи билан 74-мактаб ўқитувчилари ғўзаларга дори қўйишга мажбурланмоқда. Ўқитувчилар таътил пайти дам олиш ўрнига иссиқда далада ишламоқда...” мазмунида мурожаат https://t.me/acchikhakikat/3077 йўлланган бўлиб, мазкур мурожаат юзасидан вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилди.

Наманган вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг маълум қилишича, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 2008 йилдан буён техник экин ҳисобланган пахта экилмайди. Янгиқўрғон тумани асосан қишлоқ хўжалигининг йўналишларида фаолият юритиб келади.

Шунингдек, Янгиқўрғон туман халқ таълими мудирининг хатидан маълум бўлишича, Янгиқўрғон тумани халқ таълими бўлими тасарруфида 74-сонли таълим муассасаси мавжуд эмас.

Ўрганишлар натижасида интернет тармоғида тарқалган хабар ўз тасдиғини топмади.