ХОРИЖДА ИШЛАБ КЕЛГАН ЯНА 31 НАФАР МЕҲНАТ МИГРАНТИ ВА 16 НАФАР МЕҲНАТ ИНСПЕКТОРЛАРИГА СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛДИ

30.10.2020

Тошкент Халқаро Вестминстер университетида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда хорижда ишлаб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш, ички меҳнат бозорига реинтеграция қилиш масалалари билан ишловчи меҳнат органларига методик кўникмаларни бериш юзасидан қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган эди.

Бугун ўқув курсларини тамомлаган хорижда ишлаб келган яна 31 нафар меҳнат мигранти ва 16 нафар меҳнат инспекторларига сертификатлар топширилди.

Сертификат топшириш маросимида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг масъул ходимлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори – миссия раҳбари ўринбосари Ханс-Улрихь Им жаноблари иштирок этди.

Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан хорижда ишлаб, юқори малака орттириб қайтган меҳнат мигрантларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлайдиган, молиявий кўмаклашадиган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида хориждан қайтган меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун банк кредитларини ажратиш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли равишда ташкил этилади. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда 1,5 мингдан ортиқ меҳнат мигрантини тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилмоқда.

Мақсад – хориждан қайтган, пандемия сабабли чет элга кета олмаётган фуқароларни ўз тадбиркорлигини бошлашларига кўмаклашиш орқали янги иш ўринлари яратишдир.

Маълумот учун, ўқув курсларига жами 150 нафар тингловчи, жумладан, 100 нафар меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни жалб этиш кўзда тутилган.

Халқаро тоифадаги тренерлар иштирокида олиб борилаётган ўқув курсини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар – тренер жалб қилиш, 3 маҳал овқатланиш, ётоқ жой ЕХҲТнинг гранд маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

Ўқув дастури бўйича курслар 19 октябрь кунидан бошланган бўлиб, шу кунга қадар 93 нафар фуқаро тадбиркорликка ўқитилди.