ХИТОЙ ҚИШЛОҚЛАРИДА КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛГАН?

19.04.2023

ХИТОЙ ҚИШЛОҚЛАРИДА КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛГАН?

Фупинг округидаги Луотован ҳамда Гусзятай қишлоқларига мамлакат раҳбарининг ташрифидан сўнг бутун Хитой бўйлаб аҳолини қашшоқликдан чиқариш бўйича ислоҳот бошланди.

Луотован қишлоғида 295 та хонадонда 582 нафар аҳоли истиқомат қилган ҳамда ўша даврда 189 та оила, яъни, 447 нафар аҳоли қашшоқликда кун кечирган.
Худди шундай Гусзятай қишлоғида ҳам 152 хонадонда 358 нафар аҳоли истиқомат қилиб, шундан 110 та хонадон (270 нафар аҳоли) камбағал оила сифатида рўйхатга олинган. Қашшоқлик даражаси 75 фоизни ташкил этган.
Аввало, мазкур қишлоқларда аҳолининг даромадини ошириш, кийим-кечак ва етарли озиқ-овқат билан таъминлаш, шунингдек, аҳолининг таълим олиши, даволаниши ва уй-жой билан таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилган.
Унга кўра барча инфратузилма объектларини қуриш ва таъмирлаш билан боғлиқ масалалар давлат томонидан тўлиқ ҳал этиб берилган.
Хусусан, йўл, коммуникасия тармоқларидан ташқари поликлиника, маданият уйи, кутубхона, кечаю кундуз хизмат кўрсатувчи банк шахобчаси, жамоат ҳожатхоналари, ахлат тозалаш иншоотлари ташкил этилган, алоқа таянч стансиялари, коммунал хизмат кўрсатиш объектлари ҳар томонлама яхшиланган.
Шундан сўнг камбағал оилаларнинг эҳтиёжи ўрганилиб, яшаш шароити оғир бўлган оилалар ордер асосида янги уй-жой билан таъминланган.
Аҳолининг эски уй-жойлари туристик компанияларга ижарага берилган.
Аҳолига тоғ ён бағридан фойдаланишга берилган ер майдонлари қуёш панелларини ўрнатиш, самарасиз фойдаланаётган ерларда агропарклар ташкил этиш учун тадбиркорларга иккиламчи ижарага бериш орқали қўшимча даромад манбаи яратилган.
Фуқаролар ер солиғи ҳамда иккиламчи ижарадан олинган даромад солиғидан озод қилинган. Шу билан биргаликда, агар фуқаро давлат талаби бўйича экин эккан бўлса, давлат томонидан ер майдонининг ҳажмига қараб субсидиялар ажратилган.
Луотован ва Гусзятай қишлоқлари қўзиқоринни инновасион саноат усулида етиштириш, боғдорчилик ҳамда туризм йўналишларига ихтисослаштирилган.
Хусусан, Фупинг округи тоғли ва яйлов ер майдонларида қўзиқоринларни етиштириш учун 4 минг 600 та иссиқхоналар қурилиб, биргаликда режалаштириш, бошқариш ва ягона бренд остида сотиш йўлга қўйилган.
Экотуризмни ривожлантириш мақсадида бу икки қишлоқда 20 дан зиёд сайёҳлик пунктлари ташкил этилиб, камбағал аҳоли сайёҳлик хизмати кўрсатиш соҳасида иш билан таъминланган.
Юқоридаги қишлоқларда қашшоқликка қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида аҳоли жон бошига даромад 9 йил мобайнида 950 юандан (143 долл) 17 480 юангача (2625 долл) ошган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Хитой Халқ республикасида жами 832 та камбағал округлар учун махсус “832” номли электрон тижорат платформаси яратилиб, ушбу ҳудудларда жойлашган аҳоли томонидан етиштирилган ҳамда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мазкур платформа орқали савдоси йўлга қўйилган.