“Халқаро меҳнат ташкилотининг қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли конвенсиясини (Женева, 1988-йил 20-июн) ратификация қилиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-750 – сон Қонуни қабул қилинди
2022 йил 7 февралда “Халқаро меҳнат ташкилотининг қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли конвенциясини (Женева, 1988-йил 20-июн) ратификация қилиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-750 – сон Қонуни қабул қилинди.
ХМТнинг 167-сон Конвенциянинг мақсади – қурилиш соҳасида ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши, ишларни бажаришнинг хавфсиз услублари ва усулларига ўқитилиши ва билимлари текширилиши ҳамда бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналардан фойдаланиш, технологик жараёнларни амалга ошириш чоғида, шунингдек ишлаб чиқаришда хом ашё ва материалларни қўллаш, ишлар бажариш чоғида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Ҳозирги вақтда ХМТнинг 167-сонли Конвенцияси 32 та давлат томонидан ратификация қилинган, шу жумладан, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларидан Россия Федерацияси, Белоруссия ва Қозоғистон Республикалари.
Ўзбекистон Республикасининг ХМТнинг 167-сонли Конвенцияга қўшилиши:
миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, ХМТнинг ҳужжатларида белгиланган қурилиш соҳасидаги халқаро стандартларни самарали жорий этишга;
Ўзбекистон Республикасининг келгусида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига интеграциялашуви учун шароит яратилишига ҳамда Преференсиялар умумий (бош) тизими доирасида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янада ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирлигининг Давлат меҳнат
инспекцияси бошлиғи ўринбосари А.Шарапов