Халқаро меҳнат ташкилоти меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича пойтахтда семинар ўтказди
Жорий йилнинг 22-23 июль кунлари Тошкент Wyndham меҳмонхонаси конференциялар залида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан меҳнат муҳофазаси масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.
“Меҳнат муҳофазасини бошқариш тизими: мунтазам яхшиланиш воситалари” мавзусида бўлиб ўтган семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари иштирок этди.
Семинарнинг биринчи кунида меҳнат муҳофазасини бошқариш тизими бўйича ХМТ тажрибаси, мазкур тизимнинг Европа Иттифоқи ва Россия Федерациясида ишлаш тартиби, касбий хавф-хатарларни баҳолаш сингари масалалар кун тартибидан ўрин олди.
Хусусан, ХМТнинг Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш инспекцияси бош мутахассиси Валентин Мокану меҳнат муҳофазасининг яхши бошқарув тизими учун керак бўладиган асосий унсурлар, шунингдек, меҳнат муҳофазаси стандартларига риоя қилишга кўмаклашиш тўғрисида, ХМТ эксперти Викинг Хусберг Европа Иттифоқида меҳнат муҳофазасини бошқариш тизимининг ишлаш жараёнлари ҳақида, ХМТ эксперти Екатерина Кузнецова касбий фаолият давомида кузатиладиган турли хавф-хатарларни баҳолаш ва уларни бошқариш борасида тақдимот ўтказди.
23 июль куни семинар доирасида асосан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ижтимоий мулоқот, меҳнат муҳофазасини бошқаришнинг миллий тизимлари, бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида фикр юритилди. Семинар давомида халқаро ва миллий экспертлар билан мавзу юзасидан савол-жавоблар ташкил этилди. Шунингдек, семинар иштирокчилари ва экспертлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича турли таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, халқаро тажрибага таянган ҳолда Ўзбекистонда Меҳнатни муҳофаза қилиш қўмитасини ташкил этиш, ҳар бир ташкилотда меҳнат муҳофазаси маданиятини шакллантириш, меҳнатни муҳофаза қилувчи инспекторлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва уларнинг салоҳиятини янда ошириш бўйича таклифлар киритилди.
Семинар натижаси бўйича умумий хулосалар чиқарилди.