Халқаро ҳамкорлик: Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида малака ва бандлик салоҳиятини оширишга қаратилган дадил қадамлар сари
Халқаро ҳамкорлик: Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида малака ва бандлик салоҳиятини оширишга қаратилган дадил қадамлар сари
Ўзбекистон ҳукумати қишлоқлар инфратузилмасини модернизациялаш билан бир қаторда мамлакатимиздаги ҳар бир қишлоқ, ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини максимал намоён қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хорижий тажриба ва замонавий технологияларнинг жалб қилиниши эса бу йўналишдаги ташаббусларнинг муваффақиятида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Маълумки, 2020 йилдан ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган "Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш" номли дастурини амалга оширишни бошлаган. Европа Иттифоқи 2020-2024 йилларда Ўзбекистоннинг танланган ҳудудларида амалга ошириладиган ушбу ташаббусга 9,6 миллион евро маблағ ажратди.
Янги лойиҳанинг мақсади олис ҳудудлар ва қишлоқ жойларда ҳам маҳаллий аҳоли турмуш сифати ва фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан касб-ҳунар соҳасидаги таълимни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида малака ва бандлик салоҳиятини оширишга қаратилган дадил қадамларга мос келади. Бу лойиҳа Ҳукуматимизнинг асосан коронавирус пандемиясидан зарар кўрган, иш ўринлари ва даромадларини йўқотган қишлоқ аҳолисини рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан ҳам жуда долзарбдир.
Ушбу ташаббус доирасида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти ўртасидаги келишувга асосан Ўзбекистоннинг тўртта танланган минтақалари: Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё мисолида мамлакатнинг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида меҳнат бозори эҳтиёжларини ўрганиш бўйича сўровномалар ўтказилди.
Бугун ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Меҳнат бозори тадқиқотлари институти ҳамкорлигида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган "Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида семинар ташкил этилди.
Унда лойиҳа экспертлари, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, Меҳнат институти масъуллари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат мжуносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тармоқ малака кенгаши, Сув хўжалиги вазирлиги ва Тармоқ малака кенгаши, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти, Тошкент давлат аграр университети ҳамда фемер, дехқон хўжаликлари ва томорқа, ер эгалари кенгаши вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида экспертлар томонидан Янги Зеландия Миллий касбий стандартларни (МКС) ривожлантириш бўйича халқаро тажриба тақдим этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда профессионал стандартларни ишлаб чиқишда аниқланган камчиликлар батафсил муҳокама қилинди.
Меҳнат институти томонидан республика ҳудудларида кўникмаларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш борасида олиб борилган тадқиқот натижалари йиғилганларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Қолаверса, масъуллар томонидан миллий касбий стандартлар (МКС) шаблони лойиҳаси ва квалификация шаблони лойиҳаси келишилиб, Миллий касбий стандартларни ривожлантириш бўйича зарур бўлган кейинги ҳаракатларни биргаликда амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Зебо Нурмонова,
Меҳнат бозори тадқиқотлари институти Матбуот котиби