Вазирнинг Самарқанд вилоятида бир куни
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан айни кунларда Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи аҳолини турмуш даражасини ўрганиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ҳудуддаги ҳолатни тубдан кўздан кечирди.
Илк манзил эркаклар ва ўсмирлар учун поябзал ишлаб чиқаришга мўлжалланган “BULUNG`UR SHOES” корхонаси бўлиб, ўрганишлар натижасида корхона 2020 йил март ойидан буён фаолият кўрсатмаётгани, корхона фаолиятини тиклаш учун малакали кадрларга эҳтиёж катта эканлиги аниқланди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Булунғур тумани ҳокимияти ва тадбиркорга корхона фаолиятини тиклаш учун 3 босқичда ишни ташкил этишни тавсия этди:
- Ҳудуддаги ишсизлар рўйхатини шакллантириш;
- Уларни ҳокимлик томонидан ташкил этилган автобусларга режа асосида корхонада яратилган шарт-шароитлар билан таништириш;
- Вазирликнинг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилган субсидия асосида ташкил этилган ўқув курсларига корхонада ишлаш истагини билдирган ишсиз фуқароларни жалб этиш ҳамда ўқув жараёни тугатгандан сўнг уларни ишга расмийлаштириш.
Кейинги манзил 1-сон касб-ҳунар мактабида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш маскани бўлди. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайта таъмирланган ва ҳар бир йўналиш замонавий жиҳозлар билан таъминланган масканда ҳозирги кунда тикувчилик йўналишида 20 нафар, компьютер саводхонлиги йўналишида 22 нафар, уй хизматчиси йўналишида 14 нафар ўқувчилар қабул қилиниб,ўқув курсларини давом эттирмоқда.
Учрашувда ҳар бир битирувчи иш билан таъминланиши, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланишлари қолаверса, ўз маҳаллаларида тикувчилик йўналишида курслар ташкил этишлари учун амалий ёрдам беришга келишиб олинди.
Вазир бошчилигидаги гуруҳ "Шунқорбек Синдоров" ишлаб чиқариш кооперативи фаолиятини ҳам ўрганди.
Туман ҳокимлиги томонидан берилган 30 гектар суғорилмайдиган ер майдонида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан 122,5 млн сўм маблағ эвазига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган Хуршид Сафаров 50 нафар ишсиз фуқарони ишга жалб этган. Мазкур ҳудудда яшовчи, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ишга жалб этилган фуқаролар учун ажратилган маблағ ҳисобига узум (ток) кўчатлари тўлиқ олиниб, тегишли майдонга экилган. Вазир айни кунларда олиб борилаётган парваришлаш ишлари билан танишди.
Вазир бошчилигидаги гуруҳ “Хўжамазгил” маҳалласида субсидия асосида ташкил этилган енгил конструкцияли иссиқхоналарни кўздан кечирди. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан шу ҳудудда яшовчи “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган 40 нафар фуқароларга субсидия асосида 1 сотихли иссиқхона қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда қуриб битказилган 15 та иссиқхоналарда парваришлар ишлари жадал кетаётганлиги кузатилди. Вазир Нозим Хусанов ишга жалб этилган фуқаролар билан суҳбат қуриб, уларнинг муаммоларини ўрганди ва шу жойнинг ўзида тегишли кўрсатмалар берилди.