Вазир Шерзод Кудбиев Олий Мажлисда ҳисобот берди

22.05.2019

2019 йил 22 май Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича 2019 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси кенгайтирилган йиғилишида ҳисобот берди.

Йиғилишда депутатлар, экспертлар, вазирлик масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ҳозирги кунда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони – 18 954 минг (ўсиш - 1,0%), банд аҳоли сони – 13 376 минг (ўсиш - 1,3%) нафарни ташкил этади. Расмий секторда бандлар – 5 403 минг кишини ташкил этиб (ўсиш - 3,4%), расмий бандликнинг умумий бандликдаги улуши 40,5%ни ташкил этмоқда. Иқтисодиётнинг норасмий секторида бандлар – 7 964 минг (59,5%), шу жумладан, хорижда ишлаётганлар – 2 365,4 мингни ташкил этади.

Жорий йил биринчи чоракда ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этди (ўтган йил шу даврда - 9,7%), 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида – 15,3 фоиз, аёллар орасида – 13 фоиз. Энг юқори ишсизлик Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида (9,7%) қайд этилган. Ишга муҳтож аҳоли сони – 1 миллион 391 минг киши.

Ҳисобот доирасида Ўзбекистон меҳнат бозорининг ҳолати, ишга жойлаштириш, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича илк бор жорий қилинган давлат буюртмаси механизми, меҳнат миграцияси, касбга ўқитиш ва тайёрлаш, меҳнат бозоридаги фаол сиёсатни молиялаштириш ва хусусий бандлик агентликлари фаолиятига доир сўнгги уч-тўрт ойда амалга оширилган ишлар таҳлилий-танқидий ёритилди.

Ҳисобот якуни бўйича депутатлар, шу жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан сўнгги даврда сезиларли ишлар олиб борилаётганини эътироф этди. Шу билан бирга, йиғилишда меҳнат соҳасини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

IMG_2832

IMG_2836

IMG_2924