Вазир ўринбосари Баҳодир Умурзаков бухоролик ёшлар билан учрашди

07.01.2021

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида Президент Мурожаатномаси ҳамда “Ёшлар форуми”да белгилаб берган вазифалар ижроси юзасидан ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Б.Умурзаков, Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Рустамов ва бир қанча ташкилот ва муассаса раҳбарлари иштирок этишди.

Учрашув аввалида тумандаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама этилиб, ёшлар фикр ва таклифлари тингланди. Шунингдек, мулоқот чоғида 4 нафар ёш ишга жойлашиш бўйича мурожаат қилган бўлса, 6 нафари кредит, 2 нафари субсидия, яна 2 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун ер майдони ажратиш, қолаверса, 1 нафар ёш ўқишни тиклаш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди ва бу бўйича амалий чоралар кўрилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Қоровулбозор туманида 2021 йил давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилди.