Вазир Нозим Хусанов Наманган вилоятидаги вазирлик қуйи тизим ташкилотлари ва ҳамкор идоралар фаолиятини кўздан кечирди
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов Наманган вилояти вазирлик қуйи тизим ташкилотлари ва ҳамкор идоралар фаолиятини ўрганиш мақсадида Наманган шаҳридаги бир қатор муассасаларни кўздан кечирди.
Жумладан, Наманган шаҳар 2-сонли касб-ҳунар мактаби негизидаги «IT SCHOOL» ўқув маскани ҳамда «YUME» ўқув маркази томонидан ташкил этилган «Япон тили ва касбга ўқитиш» маркази фаолияти билан яқиндан танишилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, «IT SCHOOL»да «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ИТ-технологиялар ва электрон хизматларга бўлган аҳоли эҳтиёжларини таъминлайдиган касблар, Aрх-дизайн (архитектура дизайни), веб дизайн ва дастурлаш йўналишлари бўйича ўқитилмоқда.
«YUME» ўқув марказида эса 140 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилаётган бўлиб, хорижда меҳнат қилиш истагидаги ишсиз аҳолини иссиқхона, боғдорчилик ҳамда меҳмонхона хизматчиси йўналишларида касбга тайёрлаш ҳамда япон тилини ўргатиш билан шуғулланмоқда.
Шунингдек, Наманган шаҳридаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби ҳамда «Озод» МФЙда жойлашган 1-сонли касб-ҳунар мактаби ҳам кўздан кечирилиб, у ердаги шарт-шароитлар, имкониятлар ва жиҳозлар билан таъминланганлиги ҳолати ўрганилди. Мавжуд йўналишлар бўйича талабгор тадбиркорларни жалб этиб, шартнома асосида курслар ташкил этиш вазифаси белгилаб берилди.