ВАЗИР ЧЕККА ҲУДУДЛАРДАГИ ҲОЛАТНИ ЎРГАНДИ

15.09.2023

ВАЗИР ЧЕККА ҲУДУДЛАРДАГИ ҲОЛАТНИ ЎРГАНДИ

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалар, ишлаб чиқариш объектлари, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартиришга доир амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.



Дастлаб вазир Беҳзод Мусаев Нукус шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолиятини ўрганди. Ушбу ўқув марказида касб-ҳунар ўрганаётган фуқаролар билан суҳбатлашди. Мазкур муассасада ташкил қилинган иссиқхона хўжалиги фаолияти билан танишди.
Марказда таълим сифатини янада такомиллаштириш, аҳолининг иш билан бандлигига кўмаклашиш юзасидан мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.Шундан сўнг Тахиатош тумани “Жайҳун” маҳалласида бўлди. Бу ерда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари бўйича амалга оширилаётган ишлар, “Маҳалла бешлиги” фаолияти билан танишди.



Овул аҳолисини иш билан бандлиги масалаларини кўриб чиқди. Шу ернинг ўзида мутасаддиларга янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг тадбиркорлигини йўлга қўйиш бўйича, томорқалардан унумли фойдаланишини қўллаб-қувватлаш борасида зарур топшириқлар берди.
Элликқалъа туманининг “Қаватқалъа” маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари доирасида ободонлаштириш ишлари бугунги кунда ҳам жадал олиб борилмоқда.
Аҳоли маскани йўлларини жорий таъмирлаш, шағаллаштириш, ички кўчаларни асфальтлаш, 5 минг 600 метр узунликдаги марказий кўчага пиёдалар йўлакчалари ҳамда тунги ёритгичлар ўрнатиш, МФЙ биносини таъмирлаш, ички кўчаларга ичимлик суви қувурларини ётқизиш ҳамда ҳудудда жойлашган 36-мактабига қарашли ҳудудга панжара ўрнатиш каби ишлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда.




Вазир Беҳзод Мусаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур маҳалладаги ободонлаштириш ишларини бориб кўрди. Маҳалла масканида туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, жумладан, кўчабоши бийлари билан суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади. Шу куни вазирлик ишчи гуруҳи Нукус шаҳрида “Шейх Халифа Зайед Ал-Наҳаян” жамғармаси ҳомийлигида барпо этилаётган “Она ва бола” шифохонасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди ҳамда ушбу замонавий шифохона фаолиятига доир зарур тавсияларни берди.Бугун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида ўрганиш ишларини давом эттирди. Ишчи гуруҳ Хива туманида бўлиб, “Истиқлол” маҳалласида олиб борилаётган кенг бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди ва “Маҳалла бешлиги” ҳудуд фаоллари билан суҳбатлашди.




Шунингдек, ушбу ҳудудда 3 нафар шогирди билан гиламдўзликни йўлга қўйган ҳунарманд Замира Абдуллаеванинг тадбиркорлик фаолияти билан танишди. Учрашув давомида миллий ҳунармандчилигимизни қадрлаб, қайта тиклаб, бу меҳнат ортидан оиласига даромад олиб кираётган, гиламдўзлик санъатимизни сайёҳлар орқали оламга ёяётган устоз-шогирдларнинг келгусида ҳам барча масалаларда қўллаб-қувватлаш борасида сўз борди.