Ўзбекистонда 2020 йил пахта мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатлари юзасидан Халқаро меҳнат ташкилоти, халқаро экспертлар, дипломатик корпус аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва тавсиялар

30.01.2021

Ўзбекистонда 2020 йил пахта мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатлари юзасидан Халқаро меҳнат ташкилоти, халқаро экспертлар, дипломатик корпус аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва тавсиялар

 

2021 йил 27 январь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.К. Нарбаева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов, вазирлик ва идоралар вакиллари, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори ўринбосари, ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун минтақавий бюроси директори Х. Коллер бошчилигидаги, дипломатик корпус аъзолари, “Коттон Кампейн” ва “Хьюман Райтс Вотч” вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир давомида, Халқаро меҳнат ташкилотининг катта техник маслаҳатчиси Й. Аструп томонидан ХМТнинг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси томонидан 2020 йилги пахта терими мавсумида болалар меҳнат ва мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш бўйича ўтказилган мониторинг натижалари эълон қилинди.

Унда, ХМТ экспертлари томонидан Ўзбекистон ўтган йилги каби
2020 йилда ҳам пахта йиғим-терими давомида тизимли болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаганлиги тўғрисидаги хулосаларида қатъий қолганликлари, мажбурий меҳнатнинг бутунлай бартараф этилишида сезиларли натижаларга эришилганлиги, фуқароларни мажбурий тарзда тизимли жалб этиш ҳолатлари кузатилмаганлиги қайд этилди.

2020 йилда пахта теримига мажбурий жалб этиш ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 33 %га камайганлиги ва 4 %ни ташкил этганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, асосий омиллардан бири сифатида терилган пахта учун тўлов миқдорларининг оширилиши, меҳнат ва дам олиш шароитларининг сезиларли даражада яхшиланганлиги, шу билан бирга бу борада ҳукумат ва жамоатчилик томонидан ҳам доимий назорат олиб борилганлиги  кўрсатиб ўтилди.

Ҳорижий давлатларнинг элчилари, шу жумладан Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гюнтер Оверфелд жаноблари, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Оливе Шав жаноблари, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм жаноблари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дунёнинг етакчи бизнес брендлари билан ҳамкорликни қайта тиклашга асос бўлиши мумкинлигини билдирдилар.

Хусусан, Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида йилдан йилга тизимли равишда муваффаққиятларга эришилаётганлиги ҳамда 2020 йилда амалга оширилган ишлар ўтган даврга нисбатан сезиларли равишда ажралиб турганлиги, дунё бўйлаб коронавирус пандемияси бўлаётган бир даврда Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Ҳалқаро меҳнат ташкилоти томонидан самарали амалга оширилган мониторинглар юқори баҳоланиб, мониторинг натижалари бўйича хулосалар хорижий бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистонда инвестицион мухитни кенгайтиришда хизмат қилиши мумкинлиги билдирилди.

Шунингдек, Муносиб меҳнатни таъминлаш мақсадида болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга қарши сиёсий ирода давлат раҳбари ҳамда Олий мажлис Сенати раиси томонидан кўрсатилаётганлиги, айниқса, Одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қариш курашиш Миллий комиссиясининг тузилганлиги ва унинг самарали фаолияти олиб бораётганлиги катта аҳамият касб этишини таъкидланди.

Айниқса, мажбурий меҳнатга барҳам беришда меҳнат инспекцияси фаолиятининг ўта муҳимлиги эътироф этилди. Мажбурий меҳнат ҳолатларига батамом барҳам бериш учун меҳнат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда барча соҳаларга меҳнат инспекцияси томонидан эркин мониторинглар ўтказишни таъминлаш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги бош вакили Марко Мантоновелли ўз нутқида, Ўзбекистондаги ислоҳотларни ижобий баҳолаб, пахта даврида теримчилар учун тўлов пуллари йилдан йилга ошириб бораётганлигини, теримга асосан ўз ҳохиши билан даромад олиш мақсадида чиққан фуқаролар жалб қилинганлигини ҳамда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳукуматнинг ихтиёрий иродаси асосида давом этаётганлигини таъкидлади.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер ўз нутқида, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ижтимоий ҳимоялаш механизмини такомиллаштириш борасида ҳар доим ҳамкорликка тайёр эканлигини, БМТ, Учинчи томон ҳамда Юнисеф мониторингларида белгиланган тавсияларга амал қилиш - Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тўлиқ барҳам беришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

 “Коттон кампейн”, “Human Right Watch” вакиллари Б. Фриман
ва Х. Уильямсон томонидан илк маротаба Ўзбекистоннинг эришган ижобий натижаларни мамнуният билан қабул қилаётганликларини айтиб, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, бу борада фуқаролик жамияти вакилларининг фаоллигини ошириш бўйича улкан ижобий натижаларга эришаётганлигини қайд этишди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 27 январь куни “Коттон Компейн” халқаро коалицияси ўз расмий вебсайтида “Ўзбек пахтачилигида ўзгараётган манзара” деган сарлавҳада мақола чоп этди.

“Коттон Компейн” халқаро коалицияси баёнотига кўра, 2020 йил пахта йиғим-терим мавсумидаги ижобий ўзгаришлар Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга барҳам беришга йўналтирилган ислоҳотлар ҳамда амалга оширилаётган тадбирлар натижасидир.

“Коттон Компейн” халқаро коалициясининг кўп йиллик ҳамкори ҳисобланувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми сўнгги 10 йилда илк бора, “Ўзбекистондаги пахта терими мавсумидаги мажбурий меҳнат ҳолатлари мониторингида айрим пахта етиштирувчи туманларда мажбурий меҳнат билан боғлиқ бирорта ҳолатни ҳужжатлаштирмагани эътирофга сазовордир» деб эътироф этган.

Қайд этиш жоизки, барча хорижий давлат вакиллари томонидан Ўзбекистонда 2020 йилда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда Учинчи томон мониторинги натижалари юқори баҳоланган бўлсада, мониторинг тадбирларини шаффофлигини юқори даражада таъминлаш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги жумладан, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида кодексни қабул қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.

Илгари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидек, Давлат меҳнат инспекциясининг ишчи гуруҳлари томонидан республиканинг барча туманларидаги 3 048 та ташкилот, фермер ҳўжаликларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 653 млн. 167 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди.

Жумладан, 2020 йилги пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс, шу жумладан, ташкилот раҳбарлари, ҳоким ва унинг ўринбосарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва яна 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.

Бундан ташқари, 61 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 34 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 13 та ҳолатда меҳнат вазифасини бажармаганлиги, 17 та ҳолатда иш ҳақининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, кластер ва фермер хўжалик раҳбарлари маъмурий жавобгарликка тортилди.