Ўзбекистон Республикаси энг биринчи бўлиб МДҲ иштирокчи-давлатлари аҳоли бандлигига кўмаклашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни тасдиқлади

17.09.2021

2021 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида” ПҚ-5245-сон қарори имзоланди.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йил 28 май куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ иштирокчи-давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган МДҲ иштирокчи-давлатлари аҳолиси бандлигига кўмаклашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим тасдиқланди.

Мазкур Битимнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан тасдиқланиши меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи ахборот порталларини интеграция қилиш орқали МДҲ иштирокчи-давлатлари меҳнат бозоридаги мавжуд иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, МДҲ иштирокчи-давлатлари ҳудудида норасмий бандликни қисқартириш бўйича самарали ҳамкорликни амалга оширишга хизмат қилади.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида МДҲ давлатлари билан меҳнат ва бандлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон фуқароларининг давлатлараро эркин ҳаракатланишини ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқларини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, МДҲ давлатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.