ЎЗБЕКИСТОН ИЛК МАРОТАБА АҚШ ДАВЛАТ ДЕПАРТЕМЕНТИНИНГ ҲИСОБОТИДА ИККИНЧИ ТОИФАЛИ ДАВЛАТЛАР ДАРАЖАСИГА КЎТАРИЛДИ
2021 йил 1 июль куни AҚШ Давлат департаменти Одам савдоси тўғрисидаги глобал ҳисоботни эълон қилди. Ушбу ҳисоботда Ўзбекистон илк маротаба дунё бўйлаб одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича самарали саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган иккинчи тоифадаги (TIER 2) давлатлар даражасига кўтарилди.
Ҳисоботда COVID-19 пандемияси таъсирига қарамамасдан Ўзбекистон томонидан одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар ижобий баҳоланган.
Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида қуйидагилар қайд этилди: вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланганлиги, COVID-19. Пандемияси сабабли қийин аҳволга тушиб қолган деярли ярим миллион ишсиз меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш ва иш билан таъминлашга қаратилган ҳаракатлар, шу билан бирга, 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат хавфини сезиларли даражада камайганлиги ва фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда халқаро ташкилотларга пахта теримини мустақил равишда кузатиб бориш имкониятлари кенгайтирилганлиги қайд этилган.
Одам савдоси тўғрисидаги ҳисобот (TIP) дунё давлатларининг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларини эътироф этувчи энг кенг қамровли, таҳлилий манба бўлиб, ҳукуматларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти шаффофлигини таъминлаш принципларига содиқ эканлигини акс эттиради.
Мазкур ҳисобот ҳар йили AҚШ Давлат департаментининг Одам савдоси мониторинги ва назорати бошқармаси томонидан тайёрланади.
2017 йил июнь ойида эълон қилинган биринчи ҳисоботда Ўзбекистон одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича стандартларга тўлиқ риоя қилмайдиган ва бу борада жиддий ҳаракатларни амалга оширмайдиган учинчи даражали давлатлар (TIER 3) рўйхатида қолдирилган эди.
2018 йилдан бошлаб мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва одам савдосига қарши кураш соҳасида сиёсий ирода ва амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон кузатувлар рўйхатидаги иккинчи даражали давлатлар (ТIER 2 Watch List) рўйхатига киритилган.
Бундан ташқари, Давлат департаментининг 2020 йил 25 июнда эълон қилинган ҳисоботида ҳукумат томонидан мамлакатдаги ўзгаришлар ва мажбурий меҳнат ҳамда одам савдоси билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича кўрилган чоралар ижобий эътироф этилган.
"Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда ҳукуматлар халқни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбур қилиши узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа мамлакатлар учун янги стандартларни ўрнатмоқда", – деб таъкидлаган эди АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 2020 йилги ҳисобот тақдимотида.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг мазкур ҳисоботдаги позицисини иккинчи даражали давлатлар тоифасига кўтарилиши савдо-иқтисодий, сиёсий соҳалардаги, шунингдек, инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш давлат грантларини жалб қилиш бўйича халкаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тўлиқ ҳисобот билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:
https://www.state.gov/wp-content/uploads/2021/07/TIP_Report_Final_20210701.pdf