“UZBEKISTAN GTL” ЗАВОДИНИНГ ҚУРИЛИШИДА ОЙЛИК МАОШЛАРИНИ ЎЗ ВАҚТИДА ОЛМАСДАН, НОМУНОСИБ ВА ОВҚАТЛАНИШ ТИЗИМИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛМАГАН МЕҲНАТ ШАРОИТЛАРИДА ИШЛАЁТГАНЛИГИ САБАБЛИ НАМОЙИШ УЮШТИРИЛГАНЛИГИ ҲАҚИДА

22.10.2020

Хабарингиз бор, 2020 йил 21 октябрь куни ижтимоий тармоқларда «Enter Engineering PTE.LTD» масъулияти чекланган жамиятининг ишчилари Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” заводининг қурилишида ойлик маошларини ўз вақтида олмасдан, номуносиб ва овқатланиш тизими йўлга қўйилмаган меҳнат шароитларида ишлаётганлиги сабабли намойиш уюштирилганлиги ҳақидаги хабарлар эълон қилинди.

«Enter Engineering PTE.LTD» МЧЖ тадбиркорлик субъекти эканлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
27 июлдаги ПФ-5490-сонли Фармонига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ушбу ҳолат бўйича текшириш ўтказишга келишиш мақсадида шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат қилинди.

Вакил (Бизнес Омбудсман)дан текшириш ўтказиш юзасидан олинган рухсат асосида 2020 йилнинг 22 октябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ ишчи гурух шакллантирилди ҳамда Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” заводида содир бўлган ҳолатни ўрганишга киришилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов ва ишчи гуруҳ вакиллари завод ҳудудига етиб бориб, жамиятнинг 200 нафар ишчилари иштирокида мавжуд муаммоларни тинглаган ҳолда воқеа тафсилотлари, ишчиларнинг норозилигига сабаб бўлган ётоқ ва овқатланиш жойларидаги шароитлар ҳамда ойлик маош тўловлари масалаларини муҳокама қилди.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳолатлар бўйича расмий тушунтириш олиш мақсадида «Enter Engineering PTE.LTD» МЧЖнинг Тошкент шаҳридаги бош офисига расмий хат билан мурожаат қилинди.

Ҳозирги кунда ишчиларнинг меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид масалалар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тузилган махсус ишчи гурух вакиллари томонидан ўрганилмоқда.

Ўрганишлар натижаси бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан қўшимча ахборот эълон қилинади.