Хурматли иш берувчилар ва фуқаролар!

16.07.2021

 

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали ҳудудий ҳокимликлар ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан Иш вактидан ташкари вактлардаги ва айрим ҳолларда дам олиш кунлари йиғилишлар ташкил этилаётганлиги тўғрисидаги хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Аввал ҳам хабар берилганидек, вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик, идора ва ташкилотларга ходимларни ишдан ташқари вақтда ҳамда дам олиш кунлари ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.

Шу билан бирга, вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ишдан ташқари ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш юзасидан мониторинглар ўтказилиб келинмоқда.

Шу ўринда барча ишчи ходимларга шуни эслатмоқчимиз, иш вактидан ташкари вақтлардаги йиғилишлар, видеоселекторларга қатнашиш бу ихтиёрий ҳисобланади ҳамда ходимлар йиғилишларга қатнашмаган тақдирда иш берувчи томонидан уларга бирон бир интизомий жазо қўллаш мумкин эмас. 

 Давлат меҳнат иснпекциясига шу кунга қадар видеоселектор ёки йиғилишларда иштирок этган ходимлар томонидан мажбуран иштирок қилаётганликлари ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган. 

 Ҳурматли юртдошлар! Юқоридаги назарда тутилган меҳнат қонунбузилишлари юзасидан мурожаат қолдириш ҳамда қўшимча тушунтириш олиш мақсадида вазирликнинг 71-200-06-00 ишонч телефонига, 1176 қисқа рақамига, www.dmi.mehnat.uz сайтига ҳамда вазирликка ёзма равишда мурожаат қилишингиз мумкин.

Сўровингизга кўра мурожаат қилган шахс ҳақидаги маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.

Хурматли иш берувчилар яна бир бор огохлантирамиз !

Иш вақтидан ташқари вақтда, дам олиш ва байрам кунларида ходимларни ишга жалб этиш ҳолатлари бўйича фуқаролар томонидан келиб тушадиган мурожаатлар ўз тасдиғини топса ҳамда қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари аниқланса, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланишга сабаб бўлади. 

Маълумот учун: Меҳнат Кодекснинг 157-моддасига мувофиқ иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

 Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.