Уч томонлама Меморандум ижроси бўйича учрашув ўтказилди

21.09.2020

Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари ушбу мамлакатда бўлиб турибди.

Аввал хабар берилганидек, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН) ҳамда “World Skills Russia” ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама Меморандум имзоланган эди.

Москва шаҳридаги “Академия мастерства” касб-ҳунарга ўқитиш марказида Меморандум ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН) ҳамда “World Skills Russia” мутасаддилари ҳамда соҳа мутахассислари ўртасида учрашув ўтказилди.

Учрашувда таъкидланганидек, мазкур ўқув марказида Россия Федерациясида турли соҳаларда меҳнат қилаётган, касб-ҳунар ва чет тилини ўрганиш истагидаги Ўзбекистон фуқароларини 24 сентябрдан рўйхатдан ўтказиш бошланади. Ўқиш харажатлари Ўзбекистон томонидан қопланади. Шунингдек, марказни муваффақиятли тугатган меҳнат мигрантлари РУДН ва тегишли ташкилотлар томонидан доимий ва юқори маошли иш ўринларига жойлаштирилади.

Россия Федерациясидаги Ўзбекистон фуқаролари 24 сентябрь соат 7:00дан бошлаб рўйхатдан ўтиш учун Москва шаҳри, Совхозная кўчаси 2-уйда жойлашган Архитектура, дизайн ва муҳандислик коллежига бориши сўралади.

Мурожаат учун: 88250454744

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда.