Аввал хабар берганимиздек, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) раҳбари бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Делегация Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлиб, фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева ҳамроҳлик қилди.
Марказда аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган қирққа яқин касб ва тилларга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, хусусан замонавий ахборот коммуникация технологияларини ўрганишга жалб қилиш, хориждан қайтиб келган ёшларни реинтеграция қилиш бўйича ишлар йўлга қўйилган.
Меҳмонлар барча йўналишларга катта қизиқиш билдирди. Касбга тайёрлаш, уларни ўқитиш бўйича марказ фаолияти самарадор эканлигини таъкидлади.
Маълумот учун: Ҳозирда Ўзбекистондаги 22 та “Ишга марҳамат” мономаркази ва уларнинг 14 та филиалида фуқаролар 75 та йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Шунингдек, ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишга ихтисослашган 53 та марказда 45 та касб-ҳунар таълими ўргатиб келинмоқда.