Тошкент вилояти Педиатрия тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан Бўка туманида ўтказилган кўрик жараёни юзасидан расмий муносабат

17.04.2023

2023 йил 15 апрелда фуқаро Т. Сидоренко томонидан Тошкент вилояти Педиатрия тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясининг Бўка туманида ўтказилган кўрик ҳолатидан норози бўлиб ижтимоий тармоққа жойлаган фикрномасига нисбатан Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг муносабати

Муаллиф Тошкент вилояти Педиатрия тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан Бўка туманида ўтказилган кўрик вақтида фуқароларга шароит яратилмаганлиги, ишлар бетартиб равишда ташкиллаштирилганлиги, бу эса ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг қонуний вакилларига оворагарчилик ва бир қанча ноқулайликлар туғдираётганлигидан норозилигини билдирган.

Аввало Муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсатлари натижасида ногиронлик белгилаш соҳада амалга оширилаётган ижобий ишларни юртдошларимиз англаб турибди, лекин шу каби айрим тизим ходимлари томонидан ишни нотўғри ташкиллаштириш оқибатида ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг вакилларини оворагарчилиги, норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ–57-сон қарорига мувофиқ 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Бунинг учун, республика бўйича жами 19 та, жумладан, Тошкент вилоятида битта педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ташкил этилган.

2023 йил 1 январдан бошлаб, ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан болаларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизими жорий этилган бўлиб, бунда, фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан ахборот тизимига электрон тарзда киритиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 февралдаги 62-сон қарори билан 39 турдаги ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларнинг рўйхати тасдиқланган бўлиб, ушбу касалликларга чалинган беморларга ногиронлик ўзларининг иштирокисиз ахборот дастури орқали белгиланмоқда.

Ижтимоий тармоқда тарқалган ҳолат ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида Тошкент вилояти Педиатрия тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан режали равишда Бўка туманида ўтказилган кўрик вақтида “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимида ногиронлик белгилаш учун асос бўладиган тиббий хужжатлари мавжуд бўлган 27 нафар болалар кўрикдан ўтказиш учун жалб этилган.

Шу билан бирга, комиссия кўригини ўтказишдан хабар топган Бўка тумани тиббиёт бирлашмасига тиббий кўрик учун ташриф буюрган ота-оналар томонидан ўз фарзандларига ногиронлик белгилаш мумкин ёки мумкин эмаслиги бўйича маълумотга эга бўлиши мақсадида тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси кўрик ўтказиладиган хонага навбатга туришган. Бу ҳолат комиссия кўриги ўтказилаётган хона олдида маълум бир муддатга навбатнинг сунъий равишда ошишига сабаб бўлган ҳамда бетартибликни юзага келтирган.

Шундан кейин, Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда Тошкент вилояти Педиатрия тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси ходимлари томонидан ота-оналарга болаларга ногиронлик белгилаш тартиб-қоидалари тўғрисида тушунтиришлар берилиб, юзага келган салбий ҳолат бартараф этилган. Тошкент вилояти Педиатрия тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан кўрикдан ўтказилиши лозим болаларнинг барчаси ўрнатилган тартибда кўрикдан ўтказилган.

Юқорида келтириб ўтилганларни инобатга олиб, барча тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фуқароларга ногиронлик белгилашни қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкиллаштириш ва амалга ошириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берилди.

Ҳурматли муаллиф, Сизнинг шу каби камчиликларни аниқлашдаги ёрдамингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз ва келажакда бу каби нохуш ҳолатларни олдини олишда тегишли чоралар кўрилади.