Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Aмонзода вазирлигимиз тизимидаги ташкилотлар фаолияти билан танишди

13.08.2021

Куни кеча Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Aмонзода вазирлигимиз тизимидаги ташкилотлар фаолияти билан танишди. Дастлаб, вазирлик ҳузуридаги "Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази"да учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида тожикистонлик ҳамкасбларга бандлик, меҳнат ва касб -ҳунар таълими соҳасидаги хизматларни рақамлаштириш бўйича вазирлик тажрибаси, хусусан, Ягона миллий меҳнат тизими, "Бандлик хизмати", "Лабоур мигратион" дастурий мажмуалари, "MyMehnat" ва "MigrantUz" мобил иловалари каби ахборот тизимлари тақдим этилди. Aмонзода хоним вазирликнинг "Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази" томонидан аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳи электрон реестрларини яратиш бўйича ишлаб чиқилган "Ёшлар дафтари" тажрибасини юқори баҳолади.

Учрашув якунлари бўйича томонлар 2021-2023-йиллар учун вазирликлар ўртасида имзоланган ҳамкорлик йўл харитаси доирасида меҳнат муносабатларини рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, диёримизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилди. Меҳмонларнинг сафари юртимиз ҳақидаги илиқ таасуротлари билан якунланди.