ТИЛ-МИЛЛАТ КЎЗГУСИДИР

10.10.2020

        

“Давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка

бўлган эътибор деб билишимиз керак” Ш.Мирзиёев.

           "Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин",  деди Президент Шавкат Миромонович.

 Сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз “Кўнгил қулфи махранинг қулфи тил ва гулфин калитин сўз бил” Яъни инсон қалбининг хазинасининг калити сўздир, деганларида тилнинг наинки мулоқот, балки дилларни боғловчи восита эканлигига эътибор қаратган. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган.

1470 йилларнинг охирларида Алишер Навоий  ўзининг ўзбек тилида ёзган шеҳрларидан иборат илк девони –“Бадоеъ ул-бидоя” (“Бадиийлик ибтидоси”)ни тузди.

ЮНЕСКО маълумотига кўра, хозирги кунда дунёда 6 минг 909 тил мавжуд бўлиб, улардан 200 га яқини давлат тили мақомига эга. Улар орасида она тилимиз-ўзбек тилининг ҳам борлиги  қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Инсон қалбига жамики эзгу фазилатлар она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси орқали сингади. Ўзликни англаш, миллий онг ва қадриятлар, авлодларни бир-бирига руҳий ва маънавий жиҳатдан боғловчи восита бу тилдир.

1989 йилда қабул қилинган қонунга асосан ўзбек тили Ўзбекистон Республикасида ягона давлат тили сифатида тан олинди. 1995 йил 21 декабрда қонун янги таҳрирда қабул қилинди.  Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонуни қабул қилинган кунни байрам этиб нишонлаш тўғрисида 2020 йил 23 мартда Олий Мажлис қонунчилик палатасининг қонуни қабул қилинди.

Шундай экан ўзбек адабий тилни асраш ва уни ривожлантириш ҳар биримизнинг бурчимиз. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ва бу давлатимизнинг Асосий Қонунида мустаҳкамлаб қўйилиши халқимиз тарихида буюк воқеа бўлганлиги шубҳасиз. Ўзбек тили давлатимиз рамзлари қаторида турадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди, бу тимсолга эҳтиром кўрсатишни юртимиздаги, миллатидан қатъий назар, барча кишилар ўзларининг фуқаролик бурчи деб билади. Айни пайтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тиллари ва миллий қадриятларининг ривожи учун тегишли шароитлар яратилган.

Тил-миллат қиёфаси, маънавий бойлигимиз тимсоли. Тил туфайли халқ ва элатларнинг маданий урф –одатлари сақланиб қолади. Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиш сари юз тутади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф –одати, расм-русумларининг боқийлигини англатади.

Ёшларимиз бугунги кунда ўз она тилимиз билан бир қаторда  кўплаб чет тилларни ҳам ўрганмоқда. Глобаллашув  даврида миллий тилимизнинг софлигини асраш, унинг луғавий бойлигини ошириш, турли соҳаларда тилимизга чет тиллардан кириб келаётган атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратиш ва истеъмолга киритиш вазифалари турибди.

Мамлакатимизнинг таълим-тарбия муассасаларида турк, инглиз, хитой, рус, япон, корейс, немис, испан, француз, араб ва ҳинд тиллари ўрганилмоқда. Ёшларимиз чет тилларини яхши билиши уларнинг камолотида катта аҳамият касб этади. Лекин ҳар бир йигит-қиз аввало, ўз она тилисини мукаммал билиши ва уни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Шу жумладан бизнинг меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсларимизда ҳам барча дарслар ва видеосеминарлар ўзбек тилида олиб борилади. Маъруза матнлари ва видеодарслар тингловчиларга  ўзбек тилида тақдим қилинмоқда. Меҳнат органлари ходимлари фуқаролар  билан доимий мулоқот олиб боради, демак халқимизга тилимизнинг бойлиги ва гўзаллигини уқтира билиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Биз тилни асраш учун, уни ривожлантириш учун аввало ёшларимизда, раҳбару фуқарода ўзликни англаш руҳини шакллантиришимиз, уларга ўзбек тилини танитишимиз ва севдира олишимиз даркор.

 

                                                             Меҳнат органлари ходимлари

                                                                   малакасини ошириш  республика

                                                                   курслари директори  У.Султанов