Ўзбекистон меҳнат бозори пандемия шароитида: мутахассислар муҳокамаси

21.07.2020

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида «COVID-19 нинг Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини баҳолаш (даромадлар, меҳнат бозори ва ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятлари): инқирозга қарши чоралар ва давлат сиёсатини янада такомиллаштириш йўналишлари» мавзусидаги маърузанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

сессия 1 

COVID-19 глобал пандемияси, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ чеклов чоралари, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларига таъсир қилган ҳолда одатдаги ҳаёт тарзини сезиларли даражада ўзгартирди. Ўзбекистонда, бошқа мамлакатларда бўлгани каби, иқтисодиётни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, карантин чекловлари ва уларнинг оқибатларининг салбий таъсирини камайтириш чоралари кўрилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Халқаро меҳнат ташкилоти кўмагида жорий йилнинг 20 апрелидан 6 майига қадар ўтказилган сўровлар юзага келган вазиятни ўрганишга бағишланди. Улардан биринчиси «Аҳоли учун инқирозга қарши тартибга солиш ва карантин чоралари шароитида кичик ва хусусий бизнесда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни баҳолаш», иккинчиси «Карантин чекловлари шароитида аҳоли ва бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш даражасини баҳолаш» мавзусига бағишланди.

Тақдимот пайтида муҳокама қилинган маърузада респондентлар биринчи ҳолатда – кичик ва хусусий бизнес вакиллари, иккинчисида – якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўз-ўзини банд қилганларнинг тадқиқотлар натижалари жамланди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов йиғилиш иштирокчиларига аҳолининг бандлигини рағбатлантириш, иш ўринлари ва ишчилар даромадларини сақлаш, жойларда хавфсизлик ва саломатликни таъминлаш мақсадида Ҳукумат томонидан олиб борилаётган кенг кўламли инқирозга қарши чоралар тўғрисида маълумот берди. Жумладан, кичик ва микротадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун маълум солиқ ва тўловлар бўйича кафолатлар ва тўловларни кечиктириш имконияти яратилди, солиқ имтиёзлари ва имтиёзли кредитлар бўйича ставкалар камайтирилди. Норасмий секторда иш жойларини йўқотган одамларни қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий нафақалар тўланди ва моддий ёрдам кўрсатилди.

сессия 3 

Бундан ташқари, Ҳукумат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш даражаси ёмонлашган оила аъзоларини иш билан таъминлашнинг вақтинчалик тартибини тасдиқлади. Ишсизлик нафақаларини тайинлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди, унга кўра 20 мингдан ортиқ ишсизлар ишсизлик нафақаларини олишди.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан уч ой давомида 400 мингга яқин фуқаро бандлик ва доимий даромад билан таъминланди, корхоналарда санитария меъёрлари ва меҳнат хавфсизлиги бўйича тизимли мониторинг ташкил этилди. Ўз-ўзини иш билан таъминлаш учун касблар рўйхати 67 тага кенгайтирилиб, ўз-ўзини иш билан таъминлаганлар сони 150 мингдан ошди.

ХМТнинг Муносиб меҳнатни техник қўллаб-қувватлаш гуруҳи ва ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бюроси директори Ольга Кулаева тайёрланган ҳужжатнинг аҳамияти тўғрисида тўхталар экан: «Тақдим этилган маърузанинг ўзига хос хусусияти нафақат COVID-19 таъсирини баҳолашга, балки инқироздан кейинги ривожланиш бўйича таклиф этилаётган қатор тадбирларга ҳам эътибор беришга қаратилган. ХМТнинг пандемияга қарши курашининг тўртта асосий тамойилидан келиб чиққан ҳолда мамлакатлар: 1) Иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантириш, 2) Корхоналар, иш ўринлари ва даромадларни қўллаб-қувватлаш; 3) Ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилиш ва 4) Ижтимоий мулоқотни кучайтириш»га эътибор беришлари лозим», дея таъкидлади.

сессия 2 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Доимий координатори Хелена Фрейзер мунозара иштирокчиларига мурожаат қилиб, муҳокама қилинаётган ҳужжат инқирозга қарши дастурни ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг асосий натижаларидан бири эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «Айни дамда берилган баҳо Ҳукумат, БМТ ва халқаро молия институтларининг даромадларни ҳимоя қилиш, иш ўринларини сақлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича аниқ ҳаракатларни аниқлаш ва ривожлантириш учун муҳимдир».

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Бахтиёр Махмадалиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси пандемия даврида меҳнат меъёрлари бўйича ўз тавсияларини ишлаб чиқди, Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси вакиллари билан биргаликда корхоналарда санитария меъёрлари, меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.

Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ҳукумат томонидан карантин даврида кичик бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чораларга эътибор қаратди. Унга кўра, устуворлик туризм соҳасидаги корхоналари, ресторан бизнеси, ўз-ўзини иш билан банд қилганларга берилади. 100 минг юридик шахснинг 19,8 трлн. сўмлик кредитларни тўлаш муддатлари узайтирилди. Ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва соҳада 120 мингта иш ўрнини яратиш мақсадида 300 миллиард сўм ажратилди.

ХМТнинг Ўзбекистон бўйича миллий маслаҳатчиси Жанна Фаттахова ҳисоботнинг асосини ташкил этган сўров натижалари бўйича асосий тезисларни тақдим этди. Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бюросининг муносиб меҳнатни техник қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Ясмина Папа бўлиб ўтган муҳокамага якун ясашди.

сессия 4