Пайвандлаш касби бўйича илк онлайн малака ошириш курсларига старт берилди
#Касбга_ўқитиш
#Ҳамкорлик
Республикамизда пандемиянинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин ва чекловлар сабабли таълим жараёнлари онлайн шаклда олиб бориладиган бўлди. Бу каби ўқитиш шакли Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги тасарруфий ташкилотларда ҳам амалга оширилмоқда.
Бугун, 1 июнь куни вазирлик тасарруфидаги “Ишга марҳамат” мономарказида Хитой Халқ Республикасининг “Uzbek-China Professional Training Center” ҚК МЧЖ хамкорлигида пайвандлаш касби бўйича илк онлайн малака ошириш курсларига старт берилди.
Хитойлик мутахассислар томонидан «Ишга марҳамат» Мономарказининг «Пайвандлаш» йўналиши бўйича ўқитувчиланинг масофадан туриб касбий малакасини ошириши ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганлигидан дарак беради. Меҳнат бозорида талаб бўлган пайвандлаш касбига ўқитишнинг янада сифатли, қисқа муддатларда ташкил этилиши кадрларнинг касбий салоҳиятини оширишга ёрдам беради.
Қайд этиш жоизки, шундай стратегик ҳамкорлик 2019 йил 28 октябрь куни “Uzbek-China Professional Training Center” билан йўлга қўйилган. Унга кўра, “Бир макон, бир йўл” дастури доирасида Ўзбекистон–Хитой стратегик ҳамкорлигининг ривожланиш босқичлари, таълим, иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларда амалга ошириладиган ишлар, йўналишлар, таълимнинг профессионал платформасини яратиш, техника соҳаси, ахборот технологиялари, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, Ўзбекистон-Хитой ўртасида касбий таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш назарда тутилган.