Сарҳисобда инсон омили

29.12.2020

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашуви нафақат ёшларда балки биз катталарда ҳам айрим масалаларда умид уйғотди. Президентимиз ўз маърузаларидан кейин ёшларни ноодатий тарзда тинглади, таклифларини жон қулоғи билан эшитди, ҳар бирига ўз муносабатини билдирди, уларни қўллаб-қувватлади.

“Сизлар – мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар. Юксак мақсадлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак. Мен сизларнинг зиммангизга юкланган ана шундай улкан масъулиятни, том маънодаги тарихий вазифани шараф билан адо этишингизга қатъий ишонаман», деди давлатимиз раҳбари ёшларга қарата.

Президент Ш.Мирзиёев ўз нутқида Учинчи Ренессанс, ёш волонтёрлар фаолияти, ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент тажрибаси, «Ёшлар: 1+1» дастури, Ёшлар кичик саноат зоналари, «Ёшлар мурожаати» электрон платформаси, тадбиркорликка ўқиган ёшларга 4 фоизлик кредитлар, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа мавзуларга тўхталди.

Мазкур анжуманни телеэкран орқали кузатарканман, кўнглимда кечган фикрларимни қоғозга қораладим.

“Икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилади. Бу кредитларни ёшлар олий таълим муассасаларини битириб, ишлашни бошлаганларидан кейин узиши мумкин бўлади”- деди Президент ўз маърузаларида. Ёшлар бу сўзларни ўрниларидан туриб олқишладилар.

Мана энди бу каби бир неча юзлаб оилалар фарзандларининг илм олишида айни шу контракт пули сабаб бундай муаммоларга дуч келмайди.

“IELTS, TOEFL, GMAT ва SAT каби имтиҳонларда максимал баллнинг камида 75 фоизини тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.” Фарзандининг билимига ишонган ота-оналар уларнинг шартнома тўловларида бироз ўйга толиб қоладилар. Бу масалада ҳам қувонса бўлади.

“2021 йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Ҳозирги Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади”. Ҳар йили 200 нафар ёшлар ўша грант соҳиби бўлиш учун изланади, курашади, билимларини мустаҳкамлайди. Демак, истеъдодлилар олий ўқув юртига киришдаёқ сараланади. Улар тўрт йил давомида ишончни оқлаш учун ҳам, тенгдошларига ўрнак бўлиш учун ҳам, эртанги куннинг муносиб вориси бўлиши учун ҳам бир зум илм олишдан тўхтамайдилар. 

“Тошкент шаҳрида замонавий муҳташам кутубхона барпо этилади ва бу маърифат саройи илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида жиҳозланади” – деган сўзлари бутун китобсеварлар учун ўзига хос тантана бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз учун катта синовлар йили бўлган 2020 йил ниҳоясида ёшлар билан учрашуви янги йилга янги умидлар боғлади, фарзандларимизнинг қалбида давлат раҳбарига, эртанги кунга ишонч куртак ота бошлади.

Бу ишонч улкан чинорга айланиб юрт равнақи, миллат тараққиёти, фарзандлар камоли, халқимиз бахту иқболи йўлида узоқ йиллар хизмат қилади.

Қалбимиздаги қувончлар давомли бўлиб, бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилга бағишланган Олий Мажлисга мурожаатномаси эълон қилинди.

Мазкур Мурожаатнома – мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида тарих зарварақларига ёзилади. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Шу боис халқимиз уни катта қизиқиш билан кутади.  Қолаверса, юртимизда анъанага айланган йилларга ном берилишини хукумат вакиллари қаторида халқимиз ҳам интиқлик билан кутадилар. Боиси, ҳар бир йилнинг номидан келиб чиқиб юртимизда бу борада ижтимоий-сиёсий ишлар амалга оширилади. Мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгиланади.

Буюк аждодимиз Имом Мотурудий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғликда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзлари нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи бугун қайта-қайта исботламоқда. Шу боис, мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим. Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳар қилувчи ўрин тутади. 

Шу сабабли, биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму-шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз - дея сўз юритган юртбошимиз 2021 йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилдилар.

Ушбу таклиф жамоатчилик  томонидан қўллаб-қувватланди. Йил номида  белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз юзасидан сўз юритган президентимиз Шавкат Мирзиёев, ички ва ташқи сиёсат, қонун устуворлиги, ижтимоий ҳимоя, аҳоли саломатлиги, таълим, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, суд ҳуқуқ, оммавий ахборот воситалари каби йўналишларда кенг қамровли ишлар олиб борилиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Ижтимоий фаолиятнинг манзилли тизими ҳақида сўз юритган юртбошимиз бу борада жорий йилда амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

  • Эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилди. Ушбу тизим орқали 527 минг нафар инсоннинг бандлиги таъминланди.
  • Ижтимоий нафақа олувчилар сони 2 баробарга – 1,2 млн нафарга кенгайди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2016 йилга нисбатан бюджетдан 5 баробар кўп маблағ ажратилди.
  • Ўз-ўзини банд қилган аҳолига солиқ имтиёзларининг берилиши в кўплаб чекловларнинг бекор қилиниши натижасида 500 минг нафар инсоннинг расмий бандлиги таъминланди.
  • Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари учун 300 млрд сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши кераклиги ҳақида гапираркан, бевосита Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида амалга ошириши лозим бўлган аниқ ва манзилли вазифалар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилишини маълум қилди. «Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.

Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳоли камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслик кераклиги таъкидланган маърузада келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

“Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозим. Умуман, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши зарур. Бу масала барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезонга айланиши керак», дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Мурожаатда шунингдек, жамиятимизда аёллар ўрни ва нуфузи оширилиши, ёшлар масаласи, қонун устиворлиги, судлар фаолияти такомиллаштирилиши, Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсат олиб бориши ҳақида ҳам сўз борди.

Ёшлар билан бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми мурожаатномада акс этиб, халқимизга, юртдошларимизга кўтаринки кайфият бағишлади.

Пандемия шароитида синовларда тобланган халимизнинг якдиллиги янги йилда янги орзу-умидлар, улкан ютуқлар ва фаровонлик учун асос бўлади, десак муболаға бўлмайди.

 Гуллола ИСАКОВА,

 Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири маслаҳатчиси