Россиядаги ватандошлар билан учрашув ўтказилди

15.04.2021

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлиб турибди.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбарининг ташрифи Россия Федерациясида яшаётган ватандошларимиз билан учрашувдан бошланди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги дипломатик корпуси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари Москва шаҳрида яшаётган ватандошларимиз, шунингдек, онлайн-режимда Россиянинг деярли барча ҳудудларидаги диаспоралар раҳбарлари иштирок этди.

Мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар, Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнат мигрантларининг тизимли қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилаётгани, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрилган комплекс чора-тадбирлар, хорижда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш тўғрисида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудларида бош консулликлар очилиши аксарият фуқароларимизнинг ҳаётини анча енгиллаштирди, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида ёрдам кўрсатилди.

У ердаги фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича бир неча йил олдин бошланган ислоҳотлар самарали бўлгани, мураккаб вазиятга тушиб қолганларига манзилли ёрдам кўрсатилаётгани, меҳнат мигрантлари учун ҳам ижтимоий кафолатларнинг янги механизмлари яратилгани, шунингдек, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳукуматлараро келишувлар Россия томонидан ҳам бажарила бошлангани таъкидланди.

Интерактив усулдаги учрашувда ҳар бир иштирокчи миграция қонунчилигини мақбуллаштириш, рўйхатдан ўтиш тартибини соддалаштириш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун патент олиш, мамлакатлар ўртасидаги транспорт алоқаларини тўлиқ тиклаш ва бошқа масалалар хусусида нафақат ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашди, балки Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг раҳбарига ўзларини қизиқтирган саволларни ҳам йўллай олди.