Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларига амалий ёрдам кўрсатилди
БМТ статистикасига кўра, бугун дунё бўйича 250 млн.дан ортиқ меҳнат мигрантлари мавжуд. Шулардан қарийб 2 млн. нафарини Россия Федерациясида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. Россиянинг турли ҳудудларида қурилиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, озиқ-овқат, маиший хизмат, тўқимачилик, энергетика ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимиз тажриба орттириш билан бирга, оилаларига молиявий ёрдам кўрсатмоқда, улар орқали давлатга кириб келаётган маблағлар бевосита мамлакат иқтисодиёти ривожига таъсир кўрсатмоқда. Шу боис уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Айни шу мақсадда яқинда Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, ўтган қисқа вақт ичида ваколатхонага Россия Федерациясида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларидан қатор мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти иш берувчи томонидан меҳнат шартномаларига риоя этилмаётгани, меҳнат шароитлари яратилмагани, белгиланган иш ҳақининг муддатидан кечиктирилиб ёки бутунлай берилмаётгани, ноқонуний депортация ҳолатлари кузатилаётгани сингари масалаларга қаратилган мурожаатлардир.
Ана шундай мурожаатчилардан бири – Қашкадарё вилоятида туғилган 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси Рустам Бобоқулов 4 нафар ҳамроҳи билан 2018 йил Россияга кетиб, Москвадаги "АНТ ЯПЫ САНАЙИ ВЕ ТИДЖАРЕТ АНОНИМ ШИРКЕТИ" МЧЖ қурилиш компаниясига ишга жойлашган. Бироқ орадан икки ой ўтиб ҳам уларга иш берувчи томонидан иш ҳақи берилмаган. Бу ҳол 6-7 ой давом этгач, фуқаролар Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонасига мурожаат этган.
Агентлик вакиллари иш берувчи билан боғланиб, вазиятни мурожаатчилар фойдасига ижобий ҳал қилишга эришган ва уларга 300 минг рубль иш ҳақи ундириб берилган.
Шунингдек, турли тармоқларда меҳнат қилаётган яна 10 нафар Ўзбекистон фуқаросига умумий қиймати 150 минг рубль миқдоридаги ойлик иш ҳақларини суд жараёнисиз олишда кўмак берилди. Қолаверса, “Возрождение” қурилиш компаниясидаги 5 нафар ишчига 700 минг рубль , "Евразия" МЧЖ дан 345 минг, жами 1 млн 495 минг рубль миқдоридаги иш ҳақларини тўлаб бериш мажбурияти иш берувчига юклатилди.
Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ва турли муаммоли масалалари ижобий ҳал этилган фуқароларда Агентлик ваколатхонасига, у орқали давлат органларига бўлган ишонч янада ортмоқда, ўз навбатида, улар мазкур саъй-ҳаракатлар учун Агентлик вакилларига чуқур миннатдорчилик билдиришди.
Агентлик ваколатхонаси томонидан олиб борилаётган бу каби чора-тадбирлар хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг муносиб меҳнат шароитларида ишлашлари ва меҳнат ҳуқуқлари кафолатланишини таъминлайди.
Москва шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси манзили:
Москва ш., Козачий 1-тор кўчаси, 11/2, Ўзбекистон Республикаси Элчихонасининг Меҳмонлар уйи биноси.
Мўлжал: "Полянка" метро бекати
Иш вақти: душанба-жума кунлари соат 09:00-18:00.
Фуқаролар мурожаати ҳар куни 09:00 дан 15:00 гача қабул қилинади.
Мурожаат учун телефон:
+7 (925) 0454744