РАСМИЙ МУНОСАБАТ: ижтимоий тармоқлар орқали ташкилот раҳбарлари томонидан иш вақтидан ташқари вақтда ва айрим ҳолларда дам олиш кунлари ходимларнинг ишга жалб қилинаётганлиги тўғрисидаги хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

26.11.2021

 

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали ташкилот раҳбарлари томонидан иш вақтидан ташқари вақтда ва айрим ҳолларда дам олиш кунлари ходимларнинг ишга жалб қилинаётганлиги тўғрисидаги хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Меҳнат кодекснинг 157-моддасига мувофиқ иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Изоҳ: Иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди (ЎзР.МК-124.м).

Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик, идора ва ташкилотларга ходимларни ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунлари ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.

Маълумот учун: Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ишдан ташқари ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш юзасидан бугунги кунга қадар ҳудудларда 4 467 та ташкилотларда 4 467 та мониторинглар ўтказилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича
907 та Ёзма кўрсатма, 16 та Тақдимнома киритилди ва қонун бузилишига йўл қўйган 124 та мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Ҳурматли фуқаролар, юқоридаги назарда тутилган меҳнат қонунбузилишлари юзасидан мурожаат қолдириш ҳамда қўшимча тушунтириш олиш мақсадида вазирликнинг 71-200-06-00 ишонч телефонига, 1176 қисқа рақамига, www.dmi.mehnat.uz сайтига ҳамда вазирликка ёзма равишда мурожаат қилишингиз мумкин.

Мурожаатчининг хоҳишига биноан муаллиф тўғрисидаги маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.

Ҳурматли иш берувчилар яна бир бор огохлантирамиз !

Иш вақтидан ташқари вақтда, дам олиш ва байрам кунларида ходимларни ишга жалб этиш ҳолатлари бўйича фуқаролар томонидан келиб тушадиган мурожаатлар ўз тасдиғини топса ҳамда қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари аниқланса, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланишга сабаб бўлади.