РАДДИЯ

06.05.2019

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз фаолияти ҳақида ОАВда ёритилган асосли танқидий-таҳлилий фикрларга ҳар доим холис ёндашишга тайёр. Афсуски, амалда субъектив қарашлардан иборат, жамоатчиликда нотўғри фикр шаклланишига туртки бўлувчи саёз материаллар ҳам учраб туради.

Хусусан, “Иқтисодий газета” нашрининг 2019 йил 3 май сонида вазирлик томонидан жорий йил 27 апрель куни Сергели туманида ўтказилган “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” иши билан боғлиқ “Жаноб вазир, ким-кимни алдаяпти?” (муаллиф Алишер Муродов) номли мақола эълон қилинди.

Мақолада ярмаркада 3000 нафар ишсиз фуқаро қатнашгани, аммо улардан бор-йўғи 3 фоизи иш билан таъминлангани танқид қилиниб, эътироз билдирилган. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, ярмаркада иштирок этган 3000 фуқаро мақола талқини бўйича 3000 ишсиз деб кўрсатилган. Ваҳоланки, ярмаркадан аввал Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходимлари томонидан 23-26 апрель кунлари Сергели 5А мавзеси (айнан ярмарка ўтказилган жой атрофи) бўйича уйма-уй хатлов (жами 47 та кўп қаватли уйлардаги 2559 та хонадон ўрганилган) ўтказилганда хонадонларда 270 нафар ишсиз, ишга жойлаштиришга муҳтож фуқаролар борлиги аниқланган ва ҳар бир ишсиз фуқарога ярмарка учун  таклифномалар тарқатилган. Яъни ярмаркада 3000 нафар фуқаро қатнашгани билан уларнинг 10 фоизга яқинигина (тахминан 300 нафари) ишсиз бўлган.

Мақолада эса ярмаркада иштирок этган фуқароларнинг барчаси ишсизга чиқарилган ва ярмарка якунида ишга жойлаштирилган жами 100 нафар ишсизга урғу берилиб, бор-йўғи 3 фоизли натижа кўрсатилган, дея таъкидланган. Аслида эса корхона ва ташкилотлар томонидан таклиф қилинган бўш (вакант) иш ўринларига 375 та мурожаатлар қайд этилиб, шулардан 112 нафар фуқарога, яъни ярмаркага келган ишсизларнинг қарийб 60 фоизига ўша куннинг ўзида ишга жойлашиш учун йўлланма берилган. Бундан ташқари, ярмарка давомида 253 нафар фуқарога бандлик соҳасида кўрсатилаётган давлат хизматлари тўғрисида маслаҳатлар берилган.

Мақолада кўтарилган яна бир масала – ярмаркада қатнашган корхона ва ташкилотлар сонига (107 та) мувофиқ иш ўринлари таклиф этилмаганидир. Бироқ ярмаркада иштирок этган корхона ва ташкилотларнинг аксарияти хусусий тадбиркорлар ҳисобланиб, ярмарка давомида улар ўз маҳсулотлари кўргазмасини ўтказишган.

Қолаверса, ярмарка ишида фақатгина бўш иш ўринлари билан чекланиб қолмай, Сергели 5А мавзесида истиқомат қилаётган фуқароларнинг дам олиш кунларидан самарали фойдаланиш учун тумандаги озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар ва Сергели деҳқон бозори тадбиркорлари ҳам ярмаркага таклиф этилиб, аҳоли учун (биринчи қўлда) арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси, туман Маданият бўлими томонидан маданий тадбирлар ташкиллаштирилган.

“Иқтисодий газета” таҳририятининг меҳнат соҳасидаги жараёнларга бефарқ эмаслиги, меҳнат ярмаркалари орқали янада самарали натижага эришиш тарафдори эканлиги эътиборга молик, албатта. Лекин мақолада фактларнинг нотўғри талқин этилгани, мавзу юзасидан етарлича изланиш олиб борилмагани, масалага объектив нигоҳ билан қаралмагани, сарлавҳага исботсиз айблов сифатида ном танлангани, назаримизда, жамоатчилик эътиборини тортишга уринишдан бошқа нарса эмас. Бундай нохолис ёндашув муаллиф савиясининг қай даражада эканлигини кўрсатиш билан бирга, давлат органи фаолиятига нисбатан нотўғри айблов қўйиш демакдир. Шу боис, ОАВда ёритиладиган материалларнинг ишончли ва холис бўлишини таъминлашда “тўртинчи ҳокимият” вакилларидан янада масъулиятлироқ бўлишларини сўраб қоламиз.

1 (8)