ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН: ОБОД МАҲАЛЛАЛАРДА БАЙРАМ ШУКУҲИ

06.12.2023

 

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Қўнғирот туманидаги "Рәўшан" ОФЙда бўлиб, чекка ҳудудда "Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла" мезонлари асосида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Жорий йилда мазкур маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада, 1 км узунликдаги марказий кўчага асфалт ётқизилиб, 1,5 км масофада пиёдалар йўлакчаси ташкил этилди.

Маҳалла кўчаларини ёритиш мақсадида 50 дона тунги чироқлар ўрнатилди, 327 та хонадоннинг фасад қисми таъмирланиб, 84 та симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди, 4,4 км масофага электр симлари тортилди. Маҳалла ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида болалар майдончаси барпо этилди.

 “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эса мавжуд 12 та кўчада ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, “Маҳалла боғи” яратилди. Янгича қиёфа касб этган маҳалланинг рамзий очилиш маросимидан сўнг, маҳалла марказидаги очиқ майдонда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Мусаев йиғилганларни Бош қомусимиз ташкил топган кун билан қутлади.

Байрам тадбирида бир гуруҳ маҳалла фаоллари, жумладан, ҳудудни ободонлаштиришда фаол иштирок этган ташкилотлар ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг махсус қарорига кўра, "Ўатан пидайысы” (“Ватан фидойиси”) кўкрак нишони ва Фахрий ёрлиқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.