Қийин аҳволда қолган жами 719 нафар юртдошимиз жорий йил Россиядан Ўзбекистонга қайтарилди

01.07.2019

2019 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россия Федерациясининг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларида бўлган, ҳужжат ва маблағларсиз қийин аҳволда қолган жами 719 нафар юртдошимизни Ўзбекистонга қайтарди.

Фуқароларимизни ортга қайтариш билан боғлиқ барча харажатлар вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан қопланди.

Қайтарилган юртдошларимиз бепул махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг масъул мутахассислари томонидан ишга жойлашиш, касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш масалалари бўйича ташкиллаштирилган мулоқотларида иштирок этди.

Шунингдек, хорижда қийин аҳволда қолган юртдошларимиз вазияти ҳисобга олиниб, уларга яшаш жойларига етиб олишлари учун ЭКОИҲнинг 1 баравари миқдорида пул маблағлари берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2018 йил сентябрдаги Ҳукуматлараро комиссиянинг 19-кенгашида Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, хорижда қийин аҳволда қолган юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтариш чора-тадбирлари бошлангандан буён, яъни 2018 йилнинг октябридан 2019 йилнинг июнь ойига қадар жами 920 нафар юртдошимиз Ўзбекистонга қайтарилди.

2 (8)