Президент Шавкат Мирзиёев раислигида гидроенергетика соҳасидаги лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

31.10.2023

Унда сўнгги 5 йилда тармоқ ва трансформаторларни модернизация қилишга 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилгани, бироқ, айрим вилоят ҳокимлари, маҳаллаларда трансформатор ва тармоқларни яхшилаш, куз-қишни беталафот ўтказиш учун трансформатор, сим ва бошқа эҳтиёт қисмлар заҳирасини шакллантиришга эътибор қаратилмаганлиги танқид қилинди.

Ҳудудлардаги 
33 мингта трансформатор, 122 минг километр
 электр тармоқлари эскирган, оқибатда ишлаб чиқарилган электрнинг 12 фоизи йўқотилган. 20 та туманда электр йўқотишлари ҳажми республика кўрсаткичидан 1,5 баробар кўп.

Режага кўра, 2026-йилга бориб жами йўқотишлар ҳажми 8 фоизга туширилади.
Ўзбекистонда электр улгуржи истеъмолчиларининг 28 фоизи автоматлашган тизимга (АСКУЕ) уланмаган. 

Йиғилишда мутасаддиларга икки ҳафта муддатда қозонхоналар ва иситиш тармоқларини таъмирлаш ишларини якунлашга топшириқ берилди.

Ноқонуний истеъмолга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш вазифаси қўйилди.

Бу йилги куз-қиш мавсумига аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжи учун етарли ҳажмда кўмир етказиб бериш зарурлиги таъкидланди. Унга кўра, 10-ноябрга қадар ижтимоий соҳа обектларига қўшимча 60 минг тонна кўмир етказиб бериладиган бўлди.