Ўзбекистон МДҲ ва Монголия иштирокчи давлатларининг меҳнат инспекцияси ҳудудий бирлашмасига аъзо бўлди
Жорий йилнинг 9-11 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Нодирбек Якубов бошчилигидаги делегация Москва шаҳрида бўлиб, МДҲ ва Монголия иштирокчи давлатларининг меҳнат инспекцияси минтақавий бирлашмаси бош конференцияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Уч томонлама ижтимоий ҳамкорликни янада ривожлантириш” субрегионал семинарида иштирок этди.
9 декабрь ташриф доирасида вазир ўринбосари Н.Якубов Меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбари М.Иванков ҳамда Меҳнат инспекторлари халқаро ассоциацияси вице-президенти, И.Шкловцов билан учрашди.
Учрашувда томонлар мустаҳкам ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Меҳнат ва бандлик федерал хизмати ўртасида меҳнат инспекцияси, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бандликка кўмаклашиш масалалари бўйича ҳамкорлик Протоколини имзолаш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунига кўра малака ошириш ҳамда тажриба алмашиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат инспекторларининг Россия Федерацияси Меҳнат ва бандлик федерал хизматида стажировка ўташини ташкил этишга келишилди.
10 декабрь куни МДҲ ва Монголия иштирокчи давлатларининг меҳнат инспекцияси минтақавий бирлашмаси конференцияси ўтказилди. Мазкур анжуман доирасида Нодирбек Якубов Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, меҳнат сиёсатида олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди.
Шунингдек, конференция аввалида Ўзбекистоннинг МДҲ ва Монголия иштирокчи давлатларининг меҳнат инспекцияси ҳудудий бирлашмасига аъзо бўлиши тўғрисида қўшимча келишув имзоланди.
Анжуманнинг иккинчи қисмида федерал меҳнат инспекцияси-2019 тизимидаги касблар бўйича энг яхшиларни тақдирлаш маросими ташкиллаштирилди ва унда Н.Якубов маросим қатнашчиларини самимий табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақият тилади.
Ташрифнинг сўнгги кунида, 11 декабрь Халқаро меҳнат ташкилотининг “Уч томонлама ижтимоий ҳамкорликни янада ривожлантириш” субрегионал семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси ва ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси идорасининг уч томонлама ҳамкорлик тажрибалари тақдимот шаклида ҳавола этилди.