Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилади

01.08.2019

Fergana.agency сайтида эълон қилинган “Груз 200 учун миллион” мақоласи бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Биринчидан, юртдошимиз, “Буюк Келажак” эксперт кенгаши аъзоси Баҳром Исмоиловга меҳнат миграцияси муаммоларига бефарқ бўлмай, фикр билдирганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз. Мамлакат ичкариси ва ташқарисида давлатимиз муаммоларига бефарқ бўлмаган одамлар учун Вазирлигимиз эшиклари доимо очиқ, бунга жаноб Исмоилов шахсий мисолида бир неча бор ишонч ҳосил қилиши мумкин.

Иккинчидан, компенсацияни ундириш бўйича таклиф этилаётган механизм вазирликнинг мақсад ва вазифалари ҳамда хориждаги фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган сиёсатга жавоб беради. Дастлабки тақдимотда лойиҳанинг тижорий унсурларга эга бўлгани ва маълум шахслар гуруҳи томонидан даромад олиш назарда тутилгани боис, Вазирлик мутахассислари томонидан ушбу жиҳатга вазирлик маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштириш нуқтаи назаридан йўл қўйилмаслиги масаласи ишлаб чиқилди. Лойиҳанинг ижтимоий-гуманитар томонга ўзгарганлиги муносабати билан Вазирлик мутахассислари барча манфаатдор шахслар иштирокида ушбу масалани муҳокама этиш бўйича ишчи учрашувини ўтказишга тайёр.       

Шу билан бирга, оммавий популист баёнотлардан кўра фаол амалий чора-тадбирлар тарафдори бўлган Вазирлик ҳар қандай ёрдам кўрсатишга, шу жумладан, жаноб Исмоилов вакил бўлган юридик тузилмалар хизматини жабрланувчи ёки марҳумнинг оиласидан компенсация миқдоридан 20 фоиз ушлаб қолишсиз юз фоиз молиялаштиришга тайёр.

Учинчидан, фақат сўнгги йилларда Ўзбекистон тарихида илк маротаба Россия Федерацияси ва Корея Республикасидаги меҳнат мигрантлари билан ишлаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз:

- Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди;

- Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва ҳамда Кванджуда ваколатхоналари очилди;

- Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Чет эл фуқароларини вақтинчалик ушлаб туриш марказларидан 1314 нафар Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистонга қайтарилди ва мазкур ишлар давом эттирилмоқда;

- 94 нафар ҳалок бўлганлар жасадини Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Туркия, Қозоғистон ва Япониядан Ўзбекистонга транспортировка қилиш ташкил этилди ва молиялаштирилди;

- Ўзбекистон фуқароларига хорижий иш берувчилар томонидан тўланмаган 296 520 АҚШ доллари қийматдаги иш ҳақлари ундирилди;

- 12 774 нафар фуқарога бепул юридик маслаҳатлар ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Тўртинчидан, ҳалок бўлганлар жасадининг транспортировка қилинишини молиялаштириш тўлиқ Жамғарма ҳисобидан амалга оширилиши (https://www.gazeta.uz/ru/2019/06/18/labor/) тартиби киритилди ва хорижда юрган яқинлар вафот этганда нима қилиш ва қаерга мурожаат этиш кераклиги бўйича батафсил йўқ-йўриқлар ОАВда эълон қилинди (https://www.gazeta.uz/ru/2019/06/15/migration/).

Ушбу пресс-релиз ёзилаётган айни дақиқаларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари томонидан Москва вилоятининг Серпухов туманидаги 14 фуқарони Ўзбекистонга қайтариш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда (http://mosobl.sledcom.ru/news/item/1375741).

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги яна бир карра Fergana.agency таҳририяти ва шахсан Баҳром Исмоиловга меҳнат соҳасидаги муаммоларни кўтаргани учун миннатдорчилик билдиради, шунингдек, жаноб Исмоиловнинг тажрибаси ва фаол позициясини ҳисобга олган ҳолда, муҳокама ва мунозаралардан амалий ишларга ўтиш мақсадида меҳнат мигрантларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари бўйича масъул бўш иш ўринга Баҳром Исмоиловни таклиф этади.